ТДТ етакчилари Бишкекда йиғилади
Олам
−
01 Ноябрь
4528Қирғизистон пойтахти Бишкекда 6 ноябрь куни Туркий давлатлар ташкилотининг 11-саммити бўлиб ўтади. Бу ҳақда Қирғизистон Президенти Администрацияси ташқи сиёсат бўлими бошлиғи Муратбек Азимбакиев маълум қилди.
Саммитда ташкилотга аъзо беш давлат – Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон раҳбарлари, шунингдек, ташкилотнинг кузатувчи-мамлакатлари раҳбарлари иштирок этади. Бўлажак саммитнинг мавзуси “Турк дунёсини мустаҳкамлаш: иқтисодий интеграция, барқарор ривожланиш, рақамли келажак ва барча учун хавфсизлик”.
“Мамлакатлар раҳбарлари ТДТ доирасидаги кўп томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилади, ташкилотнинг жорий кун тартибидаги долзарб масалалар бўйича қарорлар қабул қилади, шунингдек, бир қатор кўп томонлама ҳужжатларни, жумладан, Саммитнинг якуний декларациясини имзолайди”, дейди Азимбакиев.
Саммит якунлари бўйича Туркий давлатлар ташкилотига 2025 йилги раислик Қирғизистонга ўтади.
Қайд этилишича, Қирғизистоннинг ташкилотга бўлажак раислиги давомида аъзо давлатлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, минтақада иқтисодий ўсиш учун янги имкониятлар яратиш ва турмуш даражасини оширишга қаратилган қатор тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, Туркий Давлатлар Ташкилотининг 10-юбилей саммити ўтган йили 3 ноябрда Қозоғистон пойтахти Остонада бўлиб ўтганди. Унда Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ва кузатувчи мамлакатлар – Венгриядан Бош вазир Виктор Орбан, Туркманистондан Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов иштирок этганди. Жорий йил 6 июлда эса Озорбайжоннинг Шуша шаҳрида Туркий Давлатлар Ташкилотининг норасмий саммити бўлиб ўтди. Олий даражадаги норасмий учрашувда Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Туркия вице-президенти Жавдат Йилмаз, ТДТ Бош котиби Кубаничбек Омуралиев, шунингдек, Туркиядан ўзга ҳеч бир мамлакат томонидан тан олинмаган Шимолий Кипр Турк Республикаси раҳбари (ташкилотда кузатувчи мақомига эга) Эрсин Татар, Венгрия Бош вазири Виктор Орбан қатнашди.