Тбилисида Алишер Навоий ҳайкали очилди

Жамият

image

Бугун, 3 июль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Грузия Бош вазири Ираклий Кобахидзе Тбилиси шаҳрида ўзбек халқининг буюк фарзанди, шоир ва мутафаккир Алишер Навоий ҳайкалининг тантанали очилиш маросимида иштирок этди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Алишер Навоийнинг мероси нафақат ўзбек халқи, балки бутун инсоният бойлигидир. Ҳаётнинг ўзига хос энциклопедиясига айланган ҳазрат Навоийнинг асарлари кўплаб авлодларни илҳомлантириб келмоқда, тадқиқотчилар, адабиёт ихлосмандлари ҳамда Шарқнинг бой маънавий дунёсини чуқурроқ англамоқчи бўлган барча инсонлар учун билим манбаи бўлиб хизмат қилмоқда.

“Тбилиси шаҳрида Алишер Навоий ҳайкалининг очилиши Ўзбекистон билан Грузия ўртасидаги маданий алоқалар тарихида яна бир муҳим воқеа бўлди. Халқларимизни азалдан савдо йўллари, дўстлик ва ўзаро ҳурмат ришталари боғлаб келган, бир-биримизнинг бой маданий меросимизга қизиқишимиз катта”, дейилади хабарда.

Шунингдек, хабарда Ўзбекистонда буюк грузин шоири Шота Руставели ижоди чуқур ҳурмат қилиниши ва қадрланиши қайд этилган. Тошкентнинг марказий кўчаларидан бири унинг номи билан аталган, грузин мумтоз адабиётининг буюк намояндасига ҳайкал ўрнатилган. Ўз навбатида, ўтган йилда Тбилиси марказий боғларидан бирига Алишер Навоий номи берилган.

“Сўнгги йилларда Ўзбекистон билан Грузия ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорлик янги босқичга кўтарилди. Тбилиси шаҳрида Ўзбекистон маданияти ва киноси кунлари, Тошкент шаҳрида эса Грузия маданияти кунлари муваффақиятли ўтказилди”, дейилади хабарда.

Билдирилишича, маросимда Алишер Навоий жаҳон адабиётининг буюк намояндаси экани, унинг бебаҳо ижоди асрлар давомида одамларни инсонпарварлик, маърифат, тафаккур ва ўзаро ҳурматга чорлаб келаётгани таъкидланган.

Тбилиси шаҳридаги Алишер Навоий ҳайкали Ўзбекистон ва Грузия халқлари ўртасида мустаҳкамланиб бораётган дўстлик ришталарининг яна бир ёрқин рамзи бўлишига ишонч билдирилган.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев айни пайтда давлат ташрифи билан Грузияда бўлиб турибди. Кеча, 2 июль куни Тбилиси шаҳридаги Орбелиани саройида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Грузия Президенти Михаил Кавелашвилининг музокаралари бўлиб ўтганди. Шунингдек, Тбилиси шаҳридаги тадбирлар доирасида Шавкат Мирзиёевни Грузиянинг олий давлат мукофоти – “Олтин мўйна” ордени билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Шунингдек, бугун, 3 июль куни Грузия Бош вазири Ираклий Кобахидзе билан тор доирада ва икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида бўлиб ўтган музокараларда Ўзбекистон Республикасининг Грузиядаги элчихонасини таъсис этиш тўғрисида қарор ҳам қабул қилинган. Бундан ташқари, тор доирада ва икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида бўлиб ўтган музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Грузия Бош вазири Ираклий Кобахидзе Стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги декларацияни имзолади.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг