“Тайёр туринг”. Путин россияликларни огоҳлантирди
Олам
−
21:07 2178 3 дақиқа
Россия фуқаролари Украинанинг нефтни қайта ишлаш заводларига (НҚИЗ) қилаётган ҳужумлари сабабли бензин танқислиги сақланиб қолишига “тайёр бўлишлари” керак. Бу ҳақда бугун, 3 сентябрь куни Россия Президенти Владимир Путин Шарқий иқтисодий форумда сўз очди.
Россия етакчиси расмийлар энергетика инфратузилмасига қилинган ва нефть маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг кескин тушиб кетишига ҳамда замонавий тарихдаги энг кучли ёнилғи инқирозига олиб келган бир қатор ҳужумларга тайёр бўлмаганини тан олган.
“(Биз) булар соф фуқаролик объектлари ва ҳатто қуролли низо шароитида ҳам улар ҳар қандай ҳужум нишони бўла олмайди, деган қарашдан келиб чиққан эдик. Бироқ бу борада адашдик, душманимиз, минг афсуски, бошқача фикрда экан”, дейди Путин.
Модераторнинг россияликлар бензин танқислигига кўникишлари керакми, деган саволига Путин:
“Биз ҳар қандай нарсага тайёр бўлишимиз керак. Фақатгина бизнинг тайёрлигимизгина бизга зарар етказмоқчи бўлганларнинг барчасига буни қилмаслик маъқулроқ эканини англатади”, деб жавоб берган Путин.
Унинг сўзларига кўра, Россия НҚИЗларга берилган зарбаларга “кўзгудек жавоб беришга мажбур” ва бу жавоб “салмоқли бўлган”, нефть компаниялари эса ўз объектларини мустақил ҳимоя қилиш бўйича фаол ишларни бошлаб юборган ва шикастланган заводларни аста-секин қайта тикламоқда.
“Ўйлайманки, қолган 10 фоизини яқин орада қайта тиклаймиз. Махсус ҳарбий операция давом этар экан, ягона жавоб бор – ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини мустаҳкамлаш”, дейди Президент.
Маълумот учун, йил бошидан бери Украина дронлари Россия НҚИЗларига камида 70 марта зарба берди ва бу Россияда нефтни қайта ишлаш ҳажмини сўнгги икки ўн йилликдаги энг паст даражага тушириб юборди. Август ойи охирига келиб мамлакатда бензин ишлаб чиқариш ички истеъмолнинг атиги 70 фоизини ташкил этди, танқислик кунига қарийб 30 минг тоннага етди, камида 17 та ҳудуд эса ёнилғи сотишга чекловлар жорий этди – бакка 30-40 литрдан ортиқ қуйишни тақиқлашдан тортиб, АЁҚШларда автомобиллар рақамлари бўйича “жуфт-тоқ” тизимигача.
Август ойида дронлар зарбалари сабабли камида 7 та Россия НҚИЗи ишлаб чиқаришни тўлиқ ёки қисман тўхтатди. Кеча, 2 сентябрь куни эса Ленинград вилоятидаги мамлакатдаги иккинчи энг йирик завод – “Кинеф” қайта ишлашни тўлиқ тўхтатди. Ёнилғи танқислигини қоплаш учун Россия расмийлари тарихда илк бор денгиз орқали – Ҳиндистон, Марокаш ва Туркиядан импорт бензин олиб киришни бошлади, шунингдек, Беларусдан харидларни рекорд даражага етказди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Зеленский Россия ҳаво ҳудудидан фойдаланаётган халқаро авиакомпанияларни огоҳлантирган эди. У Россия осмони тобора хавфли бўлиб бораётганини ва “Россия осмонидаги хавфсиз кунлар тугаганини” айтган. Зеленскийнинг таъкидлашича, Украина Россиянинг ҳарбий объектлари ҳамда урушни қўллаб-қувватлаётган иқтисодий инфратузилмага қарши дрон ва ракета зарбаларини давом эттиради. Владимир Путин эса Зеленскийнинг Россия осмони тобора хавфли бўлиб бораётгани ҳақидаги баёнотини “давлат терроризмига тенг” деб атади.
Live
Барчаси