Татаристонда ўқувчи лицей ходимасига пичоқ билан ҳужум қилди
Олам
−
22 Январь 2261 4 дақиқа
Бугун, 22 январь куни Россиянинг Татаристон Республикасида 7-синф ўқувчиси лицейга пичоқ олиб бориб, муассаса ходимасини жароҳатлади. Шунингдек, у бино ичида петардалар портлатгани айтилмоқда. Бу ҳақда “Газета” хабар берди.
Маълумотларга кўра, 13 ёшли ўқувчи Нижнекамск шаҳридаги 37-лицейга кираётганда фаррош аёлга пичоқ билан ҳужум қилган. У коридорда петардаларни ҳам сочиб юборган, шундан сўнг барча ўқувчилар синфхоналарига беркиниб олган.
SHOT маълумотига кўра, ўсмир бино ичида учта қўлбола петардани портлатган. Ҳужумга синфдошлари билан келиб чиққан можаро сабаб бўлган бўлиши мумкин. Ҳужум ҳақидаги маълумотни Нижнекамск мэри Радмир Беляев тасдиқлаган. Унинг сўзларига кўра, бинодан ҳамма эвакуация қилинган, ҳодиса жойида тезкор хизматлар ишламоқда.
“Дастлабки маълумотларга кўра, 7-синф ўқувчиси пичоқ билан муассаса ходимасига ҳужум қилган. Унинг ҳаётига ҳеч нарса хавф солмаяпти, зарур тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Барча ўқувчилар эвакуация қилинган, улардан ҳеч ким жабрланмаган”, дейди Радмир Беляев.
Шунингдек, Татаристон Ички ишлар вазирлиги ҳужум қилган шахс қўлга олинганини маълум қилган.
“Бугун соат 8:56 да Татаристон Республикасининг Нижнекамск шаҳрида полицияга лицейлардан бирида ўқувчи ходималардан бирига жароҳатлар етказгани ҳақида хабар келиб тушди. Ҳодиса жойига зудлик билан полиция ва бошқа тезкор хизматлар етиб борди. Ҳуқуқбузар Росгвардия ходимлари томонидан қўлга олинди. У ушбу умумтаълим муассасасининг 13 ёшли ўқувчиси бўлиб чиқди”, дейилади хабарда.
Ҳозирда ҳодисанинг сабаблари ва ҳужумчи ҳаракатининг мотивлари аниқланмоқда.
Қобилжон фожиаси
Эслатиб ўтамиз, 16 декабрь куни эрталаб 15 ёшли тўққизинчи синф ўқувчиси мактабга пичоқ билан бостириб кирди. У аввалига синфхоналарга кириб, ўзи учун ўлжа қидирган. Уни пайқаган мактаб қўриқчисига қарата кўзни ачиштирувчи газ пуркаган ва уни пичоқлаган. Шундан кейин у шу мактабнинг 4-синф ўқувчиси – тожикистонлик мигрант оила боласи Қобилжон Алиевни пичоқлаб ўлдирган.
Тергов қўмитаси Россия Жиноят кодексининг 105-моддаси (қотиллик) ва Россия Жиноят кодексининг 30-моддаси 3-қисми, 105-моддаси 2-қисми (икки ёки ундан ортиқ одамни ўлдиришга уриниш) бўйича жиноий иш қўзғатди. Тергов қўмитаси ҳибсга олинган 15 ёшли ўсмир сўроқ пайтида айбини тан олганини, жиноятга тайёргарлик кўриш ва тафсилотларни ҳам баён қилганини маълум қилди.
Ҳужумни уюштирган 15 ёшли Тимофей К. исмли бола қўлга олингач, унинг телефонидаги галереяда селфилар ва ҳалок бўлган мактаб ўқувчисининг сурати аниқланган. Шунингдек, ўсмир экстремистик иқтибослар ва ўнг радикал ташкилотлар номлари билан безатилган ўз каскасини ҳам суратга олган. Хусусан, каскада “Sygaown” сўзи ёзилган бўлиб, бу 2022 йилда АҚШда содир этилган оммавий отишмага ишора ҳисобланади.
17 декабрь куни Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги Одинцовонинг Горки-2 қишлоғидаги Успенский ўрта мактабида тўртинчи синф ўқувчисининг ўлдирилишини қоралади. Вазирлик республика фуқароси бўлган боланинг ўлими муносабати билан ҳамдардлик билдирди.
Шунингдек, Россия Ташқи ишлар вазирлиги ҳам Тожикистонга ва Москва вилоятининг Одинцово шаҳридаги мактабда ҳалок бўлган боланинг оиласига ҳамдардлик билдирди. Ташқи ишлар вазирлиги фожианинг барча ҳолатларини аниқлаш ва тергов ўтказиш учун Москвадаги Тожикистон элчихонасига зудлик билан ёрдам таклиф қилди.
Россия Хавфсизлик Кенгаши котиби Сергей Шойгу Тожикистон Хавфсизлик Кенгаши котиби Юсуф Раҳмон билан телефон орқали мулоқот қилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари жиноят ҳолатларини холис текшириш учун барча имкониятларни ишга солаётганини билдирди.
18 декабрь куни эрталаб Тожикистондаги уйига олиб келинди ва Шаҳринав туманидаги қабристонга, отасининг қабри ёнига дафн этилди.
Россия Федерацияси Тергов қўмитаси ушбу қотиллик бўйича 15 ёшли Россия фуқаросини қўлга олиб, унга нисбатан “қотиллик” ва “қотилликка суиқасд” моддаларига асосан жиноят иши қўзғатган. Суд қарорига кўра, гумонланувчи икки ой муддатга дастлабки қамоққа олинди.
22 декабрь куни Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги раҳбарларининг норасмий учрашуви чоғида Россия етакчиси Владимир Путин Тожикистон Президенти Имомали Раҳмонга тожикистонлик мактаб ўқувчисининг ўлдирилиши ортидан ҳамдардлик билдирди ва айбдорлар албатта жазоланишини ваъда қилди.
Live
Барчаси