Тожикистон Россиядан мактабдаги қотилликни жиддий текширишни талаб қилди
Олам
−
17 Декабрь 7630 2 дақиқа
Аввалроқ, Москва вилоятининг Одинцово шаҳрида 15 ёшли мактаб ўқувчиси тожик миллатига мансуб экани айтилган 4-синф ўқувчисини пичоқлаб ўлдиргани ҳақида хабар берилган эди. Тожикистон Ички ишлар вазири Рамазон Раҳимзода Россия Ички ишлар вазири Владимир Колокольцев билан телефон орқали гаплашиб, мазкур масалани муҳокама қилди. Бу ҳақда Тожикистон Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Аниқланишича, ҳужум оқибатида вафот этган Қобилжон исмли бола Тожикистон фуқароси бўлган.
“Тўғридан тўғри телефон мулоқотида шундай даҳшатли жиноятлар жамиятдаги вазиятни кескинлаштириши ва бошқа радикал миллатчи гуруҳларни шунга ўхшаш ҳаракатларга ундашига сабаб бўлиши мумкинлиги таъкидланди”, дейилади Тожикистон Ички ишлар вазирлиги баёнотида.
Колокольцев эса аллақачон фожиани объектив ва ҳар томонлама тергов қилиш бўйича барча чора-тадбирлар кўрилганини маълум қилган.
Шунингдек, бугун, 17 декабрь куни Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги ушбу воқеани қоралаган ва вафот этган боланинг яқинларига таъзия билдирган.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги ҳам содир бўлган воқеа муносабати билан Тожикистонга ҳамдардлик билдирган ва воқеанинг объектив тергови учун зарур барча чораларни кўришга ваъда берган.
Эслатиб ўтамиз, ҳужумни уюштирган 15 ёшли Тимофей К. исмли бола қўлга олинган. Унинг телефонидаги галереяда селфилар ва ҳалок бўлган мактаб ўқувчисининг сурати аниқланган. Шунингдек, ўсмир экстремистик иқтибослар ва ўнг радикал ташкилотлар номлари билан безатилган ўз каскасини ҳам суратга олган. Хусусан, каскада “Sygaown” сўзи ёзилган бўлиб, бу 2022 йилда АҚШда содир этилган оммавий отишмага ишора ҳисобланади.