Ғаниевнинг Матбуот котиби “жанозасини ўқимайсанми” деган гапни изоҳлади
Жамият
−
30 Декабрь 2019
18462Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси жорий йилнинг декабрь ойи ўрталарида ижтимоий тармоқларда тарқалган аудиоёзув Фарғона вилояти ҳокимига тегишли экани ҳақида расмий баёнот берган эди. Бироқ, Бош прокуратуранинг ўрганишларига қадар Фарғона вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати раҳбари Муҳаммаджон Обидов чиқиш қилиб, ўз видеомурожаатида ушбу аудиоёзув “Озодлик” радиоси томонидан овоз ўзгартириш йўли билан тарқатилганини иддао қилган эди.
Бош прокуратура баёнотидан кейин ижтимоий тармоқларда журналист ва Матбуот хизмати раҳбари Муҳаммаджон Обидовга нисбатан эътирозлар ортди. Уни масаланинг моҳиятига етмай туриб, ёлғон ахборот тарқатганликда, Матбуот хизмати раҳбари сифатида масалага холис баҳо бериш ўрнига, адвокатлик либосини кийганликда айблашди. Ўз навбатдаги Обидов Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизматининг Telegram’даги расмий каналида шахсий баёнотини эълон қилди.
“Барчангизни кириб келаётган янги, 2020 йил билан табриклайман. Янги йил ватанимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги, адолат, холислик, тил ва дил бирлиги ҳамда одоб йили бўлсин”, деб бошланади ушбу баёнот.
Обидов сўзини давом эттириб, масалага берган биринчи муносабати шахсий фикри бўлмагани, унда ҳокимлик нуқтаи назари ифодалангани ва овозли ёзув тарқалганда ўзи Исроилда бўлганини урғулайди.
“Ўзбекистон Прокуратурасининг Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев ҳақидаги Баёнотидан сўнг интернет сайтлари, ижтимоий тармоқларда ҳокимлик Ахборот хизмати раҳбари сифатида мени муҳокама қилиш авж олди. Шу юзасидан қуйидагиларни билдираман.
Биринчидан, Фарғона вилояти ҳокимлиги Ахборот хизматининг Баёноти муайян шахс, ушбу холатда Муҳаммаджон Обидовнинг эмас, ўз номи билан айтилганидек, ҳокимлик муносабатидир.
Иккинчидан, Шуҳрат Ғаниевники деб таъкидланаётган овоз 2 декабрда ёзиб олингани иддао қилинади. Шу куни камина Исроилда, хизмат сафарида эдим ва табиийки, Ахборот хизматининг Баёноти ҳокимлик маълумотига асосланган.
Учинчидан, “Озодлик” тарқатган Шуҳрат Ғаниевники деб таъкидланаётган аудиоёзувдаги овозда на “блогер” деган сўз бор, на “тахдидли ибора” бирон бир блогерга нисбатан йўналтирилмаган. Шунга қарамай, “Озодлик” мақола сарлавҳасига “Фарғона ҳокими блогернинг “жанозасини ўқиш”ни буюрди”, деган ёлғон сўзларни чиқарди. Ҳокимлик Ахборот хизмати Баёноти эълон қилишда “Озодлик”нинг илгари ҳам, айни шу холатда ҳам нохолис ёндошуви ва сохтагарчилик қилаётгани инобатга олинган”, дейди Обидов.
Муҳаммаджон Обидов яна фикрини давом эттиради ва бу сафар ҳокимнинг “жанозасини ўқимайсанми” деган гапини унинг ўзигагина хослигини, буни вилоятда уни яхши таниган-билганлар яхши билишини айтади.
“Шуҳрат Ғаниевни узоқ йиллардан буён таниб-билганларга маълумки, у бирон бир муаммо тўлиқ хал бўлдими, демоқчи бўлганида баъзан “муаммонинг жанозаси ўқилдими” деган иборани ҳам ишлатиб туради. Лекин бу иборани аниқ шахсга нисбатан ишлатганини эшитмаганман. Шунинг учун “Озодлик” Шуҳрат Ғаниевнинг овози деб тарқатган аудиоёзувдаги ибора газ ёки электр муаммоси хал этилдими, деган маънода билдирилган бўлиши ҳам мумкин”, дейди журналист.
Муҳаммаджон Обидовнинг юқоридаги фикрларини ўқиб туриб кишида шундай савол туғилади: Обидовнинг айтаётганлари рост ҳам дейлик, лекин нега бу гапларни у биринчи баёнотнинг ўзидаёқ айтиб қўя қолмади? Матбуот хизмати раҳбарининг вазифаси ҳоким ва ҳокимлик ўз нуқтаи назарига мослаб ёзиб берган матнни ўқиб бериш эмас, балки масалага холис ёндашиб, вазиятга ойдинлик киритиш. Модомики, у Исроилда бўлган ва селекторда қатнашмаган бўлса, нега ўзи бош-қош бўлмаган масалага жавоб беради?
Обидов баёноти сўнгида ўз истеъфоси ҳақида ҳам сўз очган.
“Мен умр бўйи журналистика билан яшадим, илгари бирон кун ҳам ҳокимият ёки давлат бошқаруви идораларида ишламаганман. Менинг истеъфоимни кутаётганларга айтмоқчиманки, хеч қачон ҳокимликнинг Ахборот хизматига “ёпишиб” олганим йўқ. Фаолиятимдан қониқмаган иш берувчи истаган вақтда меҳнат шартномасини бекор қилиши мумкин.
Янги йилни ҳуш кайфиятда кутиб олишингизни тилайман”, дейди у.
Эслатиб ўтамиз, у ўтган сафарги баёнотида шундай деган эди:
“Озодлик” Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевга нисбатан навбатдаги туҳматини эълон қилган. 2 декабрда айтилган деб иддао қилинаётган аудио ёзувдаги овози ўхшатилган сўзлар бирон бир селектор йиғилишида Шуҳрат Ғаниев томонидан айтилмаган. Шуҳрат Ғаниев журналист ёки блогерларга нисбатан босим ёки тазйиқ ўтказмаган, Қува тумани ҳокимига бу ҳақда ҳеч қачон танбеҳ бермаган.
Аудиоёзув ўхшатма овознинг қўпол монтажидан бошқа нарса эмас.
Ҳурматли интернет фойдаланувчилари, ҳамкасб журналистлар, блогерлар! “Озодлик”нинг ўйинига учманг, унинг туҳматларига ишонманг. Агар “Озодлик”да бундай ҳақиқий овоз бўлганида эди, у ўзи иддао қилишича 2 декабрдан буён уни ушлаб турмас эди”.
LiveБарчаси