“Жанозасини ўқимайсанми?” – Интернетда тарқалган овоз Шуҳрат Ғаниевникими, ё...
Жамият
−
14 Декабрь 2019
40455Ижтимоий тармоқларда Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевники экани айтилаётган овозли ёзув тарқалди. Унда ҳоким жорий йилнинг 2 декабрь куни ўтказилган селектор йиғилишида Қувада газ йўқлигига норозилик билдириб, автомобиль йўлини тўсиш воқеасини ижтимоий тармоққа қўйган шахснинг “жанозаси ўқилмагани” учун Қува тумани ҳокимини тергагани қўшимча қилинмоқда.
Овоз эгаси Қува тумани ҳокими Равшан Қурбоновга бақираётгани айтилади. Ҳоким эса жавобида Шуҳрат Мадаминович деб мурожаат қилади.
– Мана кеча, Қувада, қарзни тўлаб қўйишни ўрнига нима бўляпти, Қувада? Ким экан ўша, телефонда гапирган, ўша кўчага чиқволиб мошиналар ўтяпти мана ҳозир... А, оооов туман ҳокими?
Қува тумани ҳокими: – Саломалейкум.
Шуҳрат Ғаниев: – Саломалейкум. Қани ўша?
Қува тумани ҳокими: - Шуҳрат Мадаминович, аниқлаштир деганингизга аниқлаштириш....
Шуҳрат Ғаниев: – Аниқлаштириш керак эмас, қачон ўқилади унинг жанозаси?
Қува тумани ҳокими: – Чорасини кўрдик...
Шуҳрат Ғаниев: – Чора кўриш эмас бу оғайни, жанозаси ўқилса, кейин ҳисоб энди уни.
Қува тумани ҳокими: – Тушунарли...
Шуҳрат Ғаниев: – Нима деганинг у тушунарли.
Қува тумани ҳокими: – Мана режа туздик ҳозир бошланди...
Шуҳрат Ғаниев: – Катта холангикига бошландими? А? Аммангни сумалаги бошландими? Ҳосил байрамидан маҳрум бўлдинг, тамом.
QALAMPIR.UZ мазкур овозли ёзувга аниқлик киритиш мақсадида Фарғона вилояти ҳокимияти Матбуот хизмати раҳбари Муҳаммаджон Обидов билан боғланди. Ҳокимлик вакили аудиоёзувга оид фикрларини хорижий оммавий ахборот воситаларига баёнот шаклида бергани, яна ўша гапларда собит туришини қайд этди.
“Биринчидан, аудиоёзув монтаж қилинганга ўхшайди. Сўзлар аниқ эмас. Узуқ юлуқ бир-бирига улангани шундоқ билиниб турибди. Бундай ёзув ишончга сазовор эмас.
Иккинчидан, ҳосил байрамидан хеч ким маҳрум қилинган эмас. Вилоятнинг барча туманлари, жумладан қуваликлар хам иштирок этганлар.
Учинчидан, бу аслида кимнинг овози, бу ҳам мунозарали.
Тўртинчидан, ҳатто бу етказувчининг манфаати йўлида қайта монтаж қилинган ёзув бўлсада, у ички, тор доирада ўтган йиғилишдаги ҳокимлик тизими ходимларига нисбатан айтилган бўлиши керак”, деган Обидов.
Маълумот ўрнида, бундан бир неча кун аввал ижтимоий тармоқларда 35 яшар марғилонлик тадбиркор Дилмурод Жалилов Telegram каналида 29 ноябрь куни видеомурожаат тарқалган эди. У Марғилонда газ ва свет йўқлиги ҳақида гапира, халқни қийнаëтган муаммоларни ҳал қила олмаëтган Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевдан истеъфога чиқишни сўраган эди.