Татьяна Каримова сайловда Мирзиёевга овоз берганини исботлашга уринмоқда
Жамият
−
11 Июль 2023
51224Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг рафиқаси Татьяна Акбаровна Каримова Instagram’даги саҳифаси орқали 9 июль куни бўлиб ўтган президентлик сайловида Шавкат Мирзиёевга овоз берганини исботлашга уринмоқда.
Гап шундаки, у 10 июль куни сайлов участкасида овоз бераётгани тасвирланган суратни бир неча бор ижтимоий тармоқдаги саҳифасига жойлаштириб, ўчириб юборди. Аввалига Каримова хоним жойлаган айнан шу кўринишдаги сурат ижтимоий тармоқдаги айрим саҳифаларда тарқалди ва бюллетенда қайси номзод белгилангани кўринмагани боис "Татьяна Каримова сайловда ҳеч кимга овоз бермади" номли хабарлар пайдо бўлишига олиб келди.
Сўнгги жойлаган суратида Каримова хоним сайлов бюллетенида Шавкат Мирзиёев номзодини белгилаганини кўрсатишга уринган ва қуйидагича изоҳ қолдирган.
“Қадрли дўстлар, афсуски, интернетда бугун қўйган суратим билан боғлиқ атайлаб бузиб кўрсатилган маълумотлар пайдо бўлди ва аниқлик киритишни лозим деб биламан.
Ижтимоий тармоққа жойлашда сурат сифати ёмонлашиши ва суратдаги айрим деталлар аниқ кўринмаслигини ҳамма яхши билади. Мана, бугун эълон қилинган асл фотосурат, бу менинг танловимни аниқ кўрсатиб турибди”.
Маълумот учун, августда 75 ёшни қаршилайдиган Татьяна Каримова турмуш ўртоғи Ислом Каримовнинг вафотидан кейин Тошкентда ёлғиз истиқомат қилиб келмоқда. Унинг тўнғич қизи Гулнора Каримова бир қатор жиноятларда айбланиб, қамоқда сақланмоқда. Гулноранинг ўғли Ислом бобоси вафотидан буён Лондондан келгани йўқ. Қизи Имон эса вақти-вақти билан Тошкентга келиб туради.
Оиланинг кенжа қизи Лола Каримова-Тилляева эса турмуш ўртоғи билан АҚШга кўчиб ўтган. Унинг қизи Марям кўпинча вақтини Тошкентда ўтказмоқда.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь