Қирғизистонда президент сайлови қачон ўтказилиши эълон қилинди

Олам

image

Қирғизистон Конституциявий суди навбатдаги президентлик сайлови январь ойининг тўртинчи якшанбасида ўтказилишини маълум қилди. Бу 2027 йил 24 январга тўғри келади. Жокорку Кенеш эса сайловларни ушбу санадан 4 ой олдин, яъни 2026 йил 24 сентябргача белгилайди. Бу ҳақда “24.kg” хабар берди.

Хабарга кўра, Қирғизистон Конституциявий суди 2021 йил январида сайланган президентнинг ваколат муддати 2010 йилги Конституция бўйича 6 йиллик муддатда якунланиши кераклигини эълон қилган. 2021 йилги Конституция билан белгиланган 5 йиллик муддат амалдаги президентга тааллуқли эмас.

Суд президентнинг сўрови асосида Конституциянинг айрим моддалари (67-модданинг иккинчи параграфи, 68-модданинг 2-қисми ва 72-модданинг 1-қисми) ҳамда 2010 йилги Конституция ва 2021 йил 11 апрелда қабул қилинган “Қирғизистон Республикаси Конституцияси” қонуни билан боғлиқлиги юзасидан расмий изоҳ берган.

Суд қарорида айтилишича, президентлик ваколати – бу халқнинг суверенитетини ифодаловчи бевосита иродаси натижаси бўлиб, якунланган ҳуқуқий ҳолатдир. Ваколат муддати орқага санаб ўзгартирилиши мумкин эмас. Агар муддати ретроактив равишда қисқартирилса, бу ҳуқуқий аниқлик ва сайловларнинг қонунийлигига зид бўлади. Янги Конституция мавжуд жамоат-ҳуқуқий муносабатларга аралашмаслиги лозим.

Суд қайд этганидек, 2021 йилда 6 йиллик муддатга сайланган президент янги Конституция шартлари бўйича ваколатини давом эттиради, бу муддат эса “икки муддатдан ошмаслик” қоидасида биринчи ҳисобланади. Шу билан бирга, бу муддат қайта ҳисобланмайди ва қисқартирилмайди. У фақат янги қоиданинг қўлланилишида аҳамиятга эга ва амалдаги ваколатнинг тугаш санасига таъсир қилмайди.

Шу тариқа, амалдаги президент 6 йиллик муддатни тўлиқ якунлайди, янги 5 йиллик муддат қонуни эса кейинги сайловларга татбиқ этилади.

Суд, шунингдек, муддатдан олдин сайловлар ўтказилишининг асослари аниқ белгиланганини эслатиб ўтган. Унга кўра, истеъфо аризаси, ваколатдан четлаштириш, касаллик туфайли вазифани бажара олмаслик ёки ўлим ҳолатларидагина муддатдан олдин сайлов ўтказилиши мумкин, шахсий ёки жамоат муҳокамалари бунга асос бўла олмайди.

Эъзоза Олимова


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Қирғизистон президент сайлови

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг