Ташиев давлат хизматига қайтмайди – Садир Жапаров

Олам

image

Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг собиқ раиси Қамчибек Ташиев истеъфоси ҳақида яна бир бор фикр билдирди. Бу ҳақда у бугун, 16 февраль куни “Kabar” нашрига берган интервьюсида маълум қилди.

Президентнинг айтишича, Ташиев билан дўстона муносабатлар сақланиб қолади, бироқ у давлат хизматига қайтмайди. Жапаров улар истеъфодан сўнг шахсан учрашганини ҳам маълум қилган. Унинг таъкидлашича, Ташиев ҳозир дам олиши ва соғлиғига эътибор қаратиши керак.

Давлат раҳбари кадрлар бўйича қарорлар мустақил равишда қабул қилинганини, бунда ҳеч қандай келишув ёки ташқи босим бўлмаганини айтган. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимидаги ишлар эса одатдагидек давом этади.

Жапаров мамлакатда тўнтариш ёки муддатидан олдин сайловлар ўтказилиши эҳтимолини рад этган. Унинг сўзларига кўра, ҳозир беқарорлик учун ҳеч қандай асос йўқ. Президент мамлакатни “куч билан эмас, ақл билан” бошқариш кераклигини таъкидлаган.

Шунингдек, у давлат идоралари фаолиятини шахсан назорат қилаётганини ва барча ислоҳотлар қонун доирасида давом этишини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиевни лавозимидан озод этишдан аввал унга қўнғироқ қилиб, бу масалада огоҳлантирганини маълум қилганди.

Ташиев истеъфоси

Жорий йилнинг 10 февраль куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси – Бош вазир ўринбосари Қамчибек Ташиев Президент Садир Жапаровнинг фармони билан лавозимидан озод этилди. У ўз қарорини “жамиятда бўлинишга йўл қўймаслик” истаги билан изоҳлади.

Ташиев ортидан унинг биринчи ўринбосари Қурбонбек Авазов, киберхавфсизлик маркази директори Даниэль Рисалиев ва Антитеррор маркази директори Элизар Сманов ишдан олинди. Абдукарим Алимбоев Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раисининг биринчи ўринбосари лавозимидан озод этилиб, Давлат чегара хизмати раиси этиб тайинланди. Унинг ўрнини Хавфсизлик кенгаши котиби лавозимида ишлаб келаётган Рустам Мамасадиқов эгаллади. 

2020 йилдан буён Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг 9-хизмати бошлиғи ва раис ўринбосари лавозимида ишлаб келган Жумгалбек Шабданбеков Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланди.

Шунингдек, шу куннинг ўзида Чегара хизмати давлат қўмитаси таркибидан чиқарилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қирғизистон Садир Жапаров Қамчибек Ташиев Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг