Тарихий келишув: Саудия АҚШ кўмагида уранни бойитмоқчи

Олам

image

АҚШ Президенти Дональд Трамп Саудия Арабистонида ядровий фуқаролик инфратузилмасини ривожлантириш бўйича 30 йиллик битимни маъқуллади. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб, “The Wall Street Journal” хабар берди.

Битим шартларига кўра, Америка компаниялари Саудия Арабистонига янги энергетика реакторлари ва бошқа ядровий технологияларни етказиб беради.

Келишувнинг асосий бандларидан бирига кўра, агар қўшма Америка-Саудия тадқиқотлари бундай қадам иқтисодий жиҳатдан ҳам ўзини оқлашини кўрсатса, Америка компаниялари Саудия Арабистонида уранни бойитиш заводини қуриши мумкин бўлади.

Саудия Арабистони расмий шахслари анчадан бери бу келишув мамлакат ўз ички энергетика эҳтиёжларини таъминлаш учун фуқаролик ядровий дастурини ривожлантириши мақсадида зарурлигини таъкидлаб келарди. Подшоҳлик ҳукумати мавжуд деб тахмин қилинаётган уран рудаси захираларидан мамлакат ичида энергия ишлаб чиқариш учун фойдаланишни, бу эса ўз навбатида экспорт қилинадиган нефть ҳажмини ошириш имконини беришини кутмоқда.

Ар-Риёд дастур фақат тинчлик мақсадларини кўзлашини даъво қилмоқда. Шу билан бирга, Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон 2018 йилда агар Эрон ядро қуролини яратса, ўз мамлакати ҳам буни амалга оширишини айтган.

Саудия Арабистони, шунингдек, қатъийроқ текширувлар ва инспекторларнинг ядровий объектларга киришини кенгайтиришни назарда тутувчи Халқаро атом энергияси агентлигининг (МАГАТЭ) қўшимча баённомасини имзолашдан бош тортган. Трамп маъмурияти Вашингтон ва Ар-Риёд ўртасидаги алоҳида келишув Америка компаниялари томонидан етказиб бериладиган объектлар устидан етарлича назоратни таъминлашини билдирмоқда.

АҚШ ва Саудия Арабистони ўртасидаги битим уни маъқуллаши керак бўлган Конгрессда катта баҳс-мунозараларни келтириб чиқариши мумкин. Нашр суҳбатлашган экспертларнинг фикрича, Саудия Арабистонига уранни бойитиш имкониятининг берилиши Яқин Шарқда ядровий технологиялар тарқалиш хавфини ошириши мумкин.

“Саудия Арабистони қаерга борса, Бирлашган Араб Амирликлари, Туркия ва Миср ҳам ўша ерга боради. Буларнинг барчаси бахтли якун топиши ҳақидаги ғоя иллюзиядан бошқа нарса эмас”, деб ҳисоблайди ядро қуролини тарқатмаслик масалалари билан шуғулланувчи АҚШнинг NPEC тадқиқот маркази директори Генри Соколски.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йилнинг сентябрь ойида Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф ва Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд ҳар икки давлатга ҳужум содир бўлган тақдирда ўзаро ёрдам кўрсатиш бўйича стратегик мудофаа шартномасини имзолаган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг