Талабалар учун якуний имтиҳонлар янги тартибда ўтказилиши мумкин
Жамият
−
29 июл 3499 2 дақиқа
Энди олий таълимда якуний имтиҳонлар видеокузатув остида ўтказилиши ва уларни талабага дарс бермаган профессор-ўқитувчилар баҳолаши мумкин. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг кеча, 28 июль куни жамаотчилик муҳокамси учун эълон қилинган “Олий таълим ташкилотларида талабалар билимини баҳолаш ва назорат қилиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарор лойиҳасида назарда тутилган.
Лойиҳага кўра, янги тартиб 2026-2027 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларининг бакалавриат ва магистратура босқичига қабул қилинадиган талабаларга татбиқ этилади.
Ҳужжатга мувофиқ, якуний назорат имтиҳонлари овоз ва видеокузатув камералари билан жиҳозланган аудиторияларда ўтказилади. Шунингдек, олий таълим муассасалари якуний имтиҳонларни расмий веб-сайтлари орқали онлайн кузатиш имкониятини яратиши белгиланган.
Лойиҳада якуний назорат имтиҳонларини топшириш учун махсус электрон платформалар ишлаб чиқилиши, ёзма топшириқларни баҳолашда профессор-ўқитувчилар ҳар бир савол бўйича камида 2–3 гапдан иборат изоҳ (фидбэк) ёзиши ҳам кўзда тутилган.
Бундан ташқари, якуний назорат ишлари, асосан, талабанинг мустақил фикрлашини баҳолашга қаратилган 3–5 та ёзма топшириқдан иборат бўлиши, айрим фанларда эса тест шаклида ўтказилиши мумкин.
Қайд этилишича, якуний имтиҳонларни талабаларга дарс бермаган профессор-ўқитувчилар баҳолайди. Имтиҳонлар ректор томонидан тузиладиган махсус масъул гуруҳ назоратида ўтказилади.
Шунингдек, талабалар имтиҳонга шахсни тасдиқловчи ҳужжат билан кириши, имтиҳон вақтида телефон, микроқулоқчин ва бошқа кўчириш воситаларидан фойдаланиши тақиқланади. Бундай ҳолатлар аниқланса, талаба имтиҳондан четлаштирилади, видеёзувлар орқали кейинчалик аниқланган қоидабузарликлар эса имтиҳон натижасини бекор қилиш учун асос бўлади.
Шу билан бирга, лойиҳа билан талабалар билими барча фанлар бўйича 100 баллик тизим асосида баҳоланади. Бунда жорий назорат учун 30 балл, оралиқ назорат учун 20 балл ва якуний назорат учун 50 балл ажратилиши, оралиқ назорат ўтказилмайдиган фанларда эса жорий ва якуний назоратга 50 баллдан берилиши белгиланган. Якуний имтиҳонга кириш учун талабалар жорий ва оралиқ назоратлардан камида 60 фоизлик саралаш баллини тўплаши шарт бўлади.
Лойиҳада фан бўйича жорий, оралиқ ва якуний назоратларнинг баҳолаш мезонлари ҳамда максимал ва саралаш баллари талабалар эътиборига биринчи машғулотдайоқ етказилиши белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда талаб этиладиган тил сертификатига эга бўлмаган хорижий тил ўқитувчилари билан меҳнат шартномаларини бекор қилиш тартиби белгиланаётгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси