Талабалар учун “перевод” тартиби янгиланди
Жамият
−
10:20 5964 2 дақиқа
Хорижий ва нодавлат олий таълим ташкилотларида таҳсил олаётган талабаларнинг давлат ОТМларига ўқишини кўчириш тартиби янгиланди. Бу бўйича Ҳукуматнинг жорий йил 11 июндаги 299-сон қарори билан “Хорижий ва нодавлат олий таълим ташкилотларидан талабалар ўқишини давлат олий таълим ташкилотларига кўчириш бўйича давлат хизматини кўрсатиш”нинг маъмурий регламенти тасдиқланди.
Унга кўра, мазкур йўналишдаги ваколатли давлат органи Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги этиб белгиланган.
Талабалар ҳар йили 15 июлдан 5 августга қадар Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП), агентликнинг махсус электрон платформаси ёки давлат хизматлари марказлари орқали ариза топшириши мумкин.
Аризадаги ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилмагани, нотўғри ёки сохталаштирилган маълумотлар аниқлангани, шунингдек, белгиланган тўлов ўз вақтида амалга оширилмагани аризани рад этишга асос бўлади.
Тақдим этилган ҳужжатлар 15 июлдан 6 августга қадар кўриб чиқилади ва аризани қабул қилиш ёки рад этиш бўйича қарор қабул қилинади. Бу ҳақда талабаларга ЯИДХП ёки махсус платформа орқали хабар юборилади.
Шунингдек, ўқишни кўчириш бўйича QR-кодли имтиҳон натижалари имтиҳонлар якунланганидан кейин бир ҳафта ичида ариза берувчиларга тақдим этилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда таълимни хорижий тилда якунлаган талабалардан кейинги босқичда хорижий тил сертификати талаб қилинмаслиги ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси