Талабалар учун ҳақ тўланадиган амалиёт ўташ тартиби белгиланди
Жамият
−
10 Январь
8843Жорий йилнинг 8 январидаги 11-сонли ҳукумат қарори билан Олий таълим ташкилотлари талабаларининг иқтисодиёт тармоқлари корхоналарида ҳақ тўланадиган ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.
Низомга кўра, ҳақ тўланадиган ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этиш мақсадида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан талабалар ўртасида ҳар йили камида бир маротаба танлов ўтказилади. Бунда амалиёт ўташ учун 500 та ўрин ажратилади. (Тошкент шаҳри учун – 45 та, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар учун – 35 тадан).
Билдирилишича, танловда иштирок этиш учун талаба аризани шахсан ўзи, почта орқали ёки электрон шаклда ўзи ўқиётган олий таълим ташкилотига топширади.
Танловда қатнашиш учун талаба қуйидаги талабларга жавоб бериши керак:
- битирувчи босқичда таҳсил олаётган бўлиши;
- таълим йўналиши (мутахассислиги) тармоқ корхонасидаги фаолият йўналишига мос бўлиши;
- Ўзбекистон резиденти бўлиши.
Олий таълим ташкилоти эса ариза берган талабалар тўғрисидаги маълумотларни йўлланма хати билан Махсус комиссияга 5 иш кунида тақдим этади.
Ўз навбатида, Махсус комиссия ушбу ҳужжатларни келиб тушган кундан бошлаб 5 иш куни давомида кўриб чиқиб, талабани танловда иштирок этиши ёки уни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.
Шундан сўнг, Махсус комиссия томонидан тақдимот кўринишида талаба амалиётини ташкил этиш иш режаси ҳимояси ўтказилиб, 20 кун ичида якуний қарор қабул қилинади. Якуний қарор қабул қилингандан 10 иш куни давомида танлов натижалари бўйича маълумот Вазирликнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилади.
Низомда амалиёт 1 ойдан 3 очгача бўлган давр мобайнида ўқув режасида белгиланган муддатларда амалга оширилиши белгиланган. Билдирилишича, талабанинг амалиёт ўташи учун синов муддати белгиланмайди.
Ғолиб талабаларнинг амалиёти бўйича харажатлар эса Махсус комиссия томонидан якуний қарор қабул қилингандан сўнг 15 кун давомида қопланади. Бунда талабага БҲМнинг 2 баравари миқдорида иш ҳақи ва унга ҳисобланган ижтимоий солиқ тегишли ҳисобрақамига ўтказилади.
Маълумот учун, мазкур низом ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган олий таълим ташкилотларига нисбатан татбиқ этилмайди.