Талаба қизга тажовуз қилгани айтилган “замдекан иши” бўйича суд бошланди
3-саҳифа
−
07 Апрель 2022 9630 2 дақиқа
Тошкент давлат педагогика университетида таҳсил олувчи талаба қизни зўрлашга уринган факультет декани ўринбосари Боғабек Йўлдошевга нисбатан очилган жиноят иши материалларини судда кўриб чиқиш бошланди. Бу ҳақда Олий суд Матбуот котиби Азиз Абидов маълум қилди.
Абидовга кўра, бугун, 7 апрель куни жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судида Жиноят кодексининг 25, 118-моддаси 1-қисми ва 104-моддаси 1-қисми билан айбланган Боғабек Йўлдошевга оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни бошланди.
Б. Ю.га оид жиноят иши Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддаси (судда жиноят ишларининг ошкора кўрилиши) 1-қисмига мувофиқ ёпиқ суд мажлисида кўрилади.
Эслатиб ўтамиз, жабрланувчи Муштарибону Комилованинг иддаосига кўра, у ўтган йилнинг 18 октябрь куни “Зулфия” номидаги давлат мукофотига тавсиянома олиш мақсадида ёшлар ишлари бўйича декан ўринбосари Боғабек Йўлдошев хонасига кирган. Декан хонасидан ҳамма чиқиб кетгач, эшикни қулфлаб, унга тегажоғлик қилган. Қизни диванга ётқизмоқчи бўлганда, у қаршилк кўрсатган ва дераза олдига бориб қолган. Ниятига етолмаган Боғабек Йўлдошев уни итариб юборган.
Шу билан бирга, декан ўринбосари Боғабек Йўлдошев тергов вақтида талаба қизнинг ўзи йигитидан қўрқиб деразадан сакраганини айтган.
Ҳозирда Боғабек Йўлдошев ҳибсга олинган. Ҳолат бўйича Яккасарой тумани ИИО ФМБ тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 118-моддаси (“Номусга тегиш”) ва 105-модда (“Қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш”) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилганди.
Мазкур ҳолатдан сўнг Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Қирғизбоев Абдуғаффор Каримжонович Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ректори этиб тайинланиб, собиқ ректор Алишер Умаров лавозимидан озод этилди.
Қайд этиш керакки, ушбу ҳолатга мамлакат Президентининг тўнғич қизи – Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик Кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева муносабат билдириб, “талаба қизларга нисбатан шилқимлик – жиддий муаммо” эканини таъкидлаган.
Live
Барчаси