Тақиқланган каналларни кузатган ўзбекистонликлар Россияга киритилмаяпти
Олам
−
22 Июль 12443 2 дақиқа
Россияда чегарачилар Ўзбекистон ва Тожикистон фуқароларининг телефонларини текшириб, агар улар тақиқланган саҳифа ва каналларга обуна бўлганини аниқласа, уларга киришга рухсат бермаяпти. Бу ҳақда 20 дан ортиқ суд ҳужжатларига таяниб, ТАСС хабар берди.
Ҳужжатлардан бирида Ўзбекистон фуқароси Акмалжон Б. радикал қарашдаги диний блогерларнинг каналлари, шунингдек, террорчилик ташкилотлари видеоларини томоша қилгани учун Россияга киришга рухсат берилмагани қайд этилган.
“Чегара хизмати ходимлари вазиятни баҳолаб, Акмалжон Б.нинг радикал тарғиботчиларга қизиқиши кучайгани, шунингдек, Россия Федерацияси хавфсизлигига таҳдид мавжудлиги ҳақидаги хулосага келишди”, дейилади ҳужжатда.
Яна бир ҳужжатда эса Тожикистон фуқароси Дилшод А. Россияда тақиқланган исломий радикал оқимлар вакилларининг ваъзлари акс этган каналларга обуна бўлгани аниқлангани сабабли чегара назоратидан ўтмагани айтилади.
“Ихтиёрий равишда тақдим этилган мобил қурилмани текшириш давомида Россия Федерациясида тақиқланган исломий радикал даъватчиларнинг видеолари чоп этилган YouTube видеохостинг хизматида исломий каналларга обуна бўлганлиги аниқланди. Бундан ташқари, Дилшод А. Россияга қарши ташвиқотга қаратилган контентни кўрган”, дейилади суд ҳужжатида.
Шунингдек, чегара назоратидан ўта олмаган бир неча шахснинг Украинапараст каналларга обуна бўлгани, шунингдек, Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг ҳаракатларини қораловчи ёзишмалар ҳам борлиги аниқланган. Масалан, бир нафар Тожикистон фуқароси ўз смартфонида YouTube'да диний лавҳалар, Украина каналлари, Украина махсус хизматларининг хатти-ҳаракатлари ҳақидаги видеолавҳаларни томоша қилгани, ёзишмаларда эса Тожикистон фуқароларини ҳар томонлама текшираётган Россия Федерацияси махсус хизматларини қораловчи хабарлар топилган.
Шу билан бирга, келганларнинг баъзилари чегарани кесиб ўтишдан олдин мессенжерлардаги ёзишмаларини ўчиришга ҳаракат қилган.
Қайд этилишича, 2024 йил 22 март куни “Крокус Сити Ҳалл” концерт залида юз берган терактдан сўнг чегарада фуқароларни текшириш кучайтирилди. Сўнгги бир ярим йил ичида Тожикистон ва Ўзбекистоннинг 20 дан ортиқ фуқаролари Россияга киришни тақиқлаш қарори устидан шикоят қилишга уринган. Уларнинг аксарияти Россияда ишлаш истагини билдирган, баъзилари эса Россиядаги қариндошлари ва дўстларига мурожаат қилган. Барча ҳолларда судлар чегара хизмати қарорларини қонуний ва асосли деб ҳисоблаб, уларни бекор қилишдан бош тортган.
Live
Барчаси