Таиланд ва Камбоджа ўт очишни тўхтатишга келишиб олди

Олам

image

Бир неча кун олдин ҳарбий можаро бошлаган Таиланд ва Камбоджа бугун, 28 июль куни “зудлик билан ва шартсиз оташкесим”га келишиб олди. Келишув маҳаллий вақт билан ярим тунда кучга киради. Бу ҳақда музокараларда воситачилик қилган Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳим маълум қилди.

Иброҳимнинг Путражая шаҳридаги қароргоҳида зиддиятли давлатлар раҳбарлари учрашди.

“Бу жуда муҳим биринчи қадам”, деди Малайзия Бош вазири журналистларга.

Унинг сўзларига кўра, ҳар икки томон “ўз позицияларини билдирган ва зудлик билан ўт очишни тўхтатиш, кескинликни пасайтиришга қайтиш, тинчлик ва хавфсизликни тиклашга тайёр эканини намойиш қилган”. Низолашаётган томонларга халқаро босим кучайиб бораётган бир шароитда ўтган музокараларда АҚШ ва Хитой вакиллари ҳам иштирок этди.

Таиланд Бош вазири вазифасини бажарувчи Пхумтхам Вечаячай ва Камбоджа Бош вазири Хун Манет, жумладан, АҚШ Президенти Дональд Трампга музокараларни қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирди.

Таиланд ва Камбоджа чегарасидаги жанглар 24 июлда бошланган ва сўнгги 10 йилдан ортиқ вақтдаги энг шиддатли жангга айланган.  Бу Таиланднинг Сурин провинцияси, Камбоджанинг Оддар Меанчей провинцияси ва қўшни Лаос давлати чегарадош бўлган Зумрад учбурчаги деб аталувчи чегара бўйича узоқ йиллик можаронинг авж олишига айланди.

Ўққа тутилиш асосан чегаранинг шимолий қисмида, қирғоқдан узоқда ва Таиланднинг Жанубий Хитой денгизи соҳилидаги машҳур денгиз қирғоқларида амалга оширилди. Оқибатда камида 36 киши, жумладан 20 дан ортиқ тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлган. Чегара ҳудудларидан 200 мингдан ортиқ одам эвакуация қилинди.

26 июль куни ОАВ жанглар денгиз бўйидаги машҳур Паттая курортига яқинлашгани ҳақида хабар берди. АҚШ Президенти қарама-қарши томонлар ўртасида ўт очишни тўхтатишга чақирди. Таиланд Бош вазирлиги идораси 27 июль куни Пхумтхам Вечаячай 28 июль куни Хун Манет билан тўқнашувга барҳам бериш бўйича музокаралар олиб боришини маълум қилди.

Таиланд ва Камбоджа бир асрдан бери 800 километрдан ортиқ чегарани баҳслашмоқда ва бу бир неча марта тўқнашувларга сабаб бўлган. Можаролар Прэахвихеа ҳинду ибодатхоналари мажмуаси ва унинг атрофидаги ерларда жойлашган. Вазият 2025 йилнинг май ойида отишмада Камбоджа аскари ҳалок бўлганидан кейин кескинлашган. Таиланд ўшанда Камбоджани баҳсли ҳудудга мина қўйганликда айблади.


Мақола муаллифи

Теглар

Малайзия Таиланд Камбоджа Анвар Иброҳим Пхумтхам Вечаячай Хун Манет

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг