Тадбиркорларни 30 йилдан бери қийнаб келаётган муаммо ечилади – Президент
Жамият
−
22 Август 2022
11923Тадбиркорлар фаолиятини назорат қилиш ва уларни жавобгарликка тортиш масаласида қатор ўзгаришлар бўлади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёевнинг бугун, 22 август куни тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти чоғида сўз борди.
Президентнинг маълум қилишича, тадбиркорларга нисбатан янги жавобгарлик ва жазо чораларини жорий этишга 3 йиллик мораторий эълон қилинади.
Шунингдек, тадбиркорларга нисбатан мажбуриятлар юклайдиган янги қонун ҳужжатлари қабул қилинганда, йўл қўйган хатоси учун тадбиркорга 6 ой давомида жазо қўлланилмайди.
Президентнинг таъкидлашича, кичик бизнес вакиллари томонидан солиқ текширувлари билан боғлиқ жарималарнинг тури кўплиги ва оғирлиги масаласи бўйича жуда кўплаб мурожаатлар келиб тушган. Мисол учун, бугунги кунда айланмадан солиқ тўлаётган 370 мингдан зиёд кичик тадбиркорларнинг солиқ бўйича ўртача ойлик тўлови 1 миллион сўм атрофида.
Лекин, касса чеки бермагани учун 5 миллиондан 10 миллион сўмгача молиявий, шунингдек 3 миллиондан 12 миллион сўмгача маъмурий жарима солинади. Яъни, кичик тадбиркорлар учун ҳам, йирик корхоналар учун ҳам жазо бир хил.
Президентнинг сўзларига кўра, савдо соҳасида фаолият кўрсатадиган тадбиркорларни қарийб 30 йилдан бери қийнаб келадиган муаммо ҳам ечилади, яъни савдо қоидаларини бузганлик учун жиноий жавобгарлик тўлиқ бекор қилинади (Жиноят кодексининг 189-моддаси).
Биринчи марта хато қилган кичик бизнес вакилларига жазо чораси қўлланилмайди. Бунинг ўрнига камчиликларни бартараф этишга солиқ идоралари кўмакчи бўладиган тизим жорий этилади.
Жарималар миқдори ҳам тадбиркорларнинг тўлаётган солиғидан ошиб кетмаслиги керак.
LiveБарчаси