Тадбиркорларга лицензия ва рухсатномалар бериш соҳаси буткул янгиланяпти. Тадбиркорларни нималар кутяпти?
Жамият
−
15 Июль 2020
11044Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди. Лойиҳани тайёрлаган Адлия вазирлиги ҳужжат билан жорий қилиниши режалаштирилган асосий ўзгаришлар ҳақида маълумот берди.
Қайд этилишича, лойиҳага асосан 1 000 га яқин белгиланган бюрократик жараёнлар қисқартирилмоқда. Хусусан:
Биринчидан, соҳага илк маротаба хабардор қилиш тартиби алоҳида институт сифатида жорий этилмоқда.
Хабарнома юборишда жисмоний ҳамда юридик шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган талаб ва шартларга риоя этиш мажбуриятини ўз зиммасига олади ва уларнинг фаолияти белгиланган талабларга мувофиқ келишини ўзлари тасдиқлайди. Бунда фаолиятни бошлаш ёки ҳаракатни амалга ошириш учун ваколатли орган ҳужжатларни кўриб чиқиб, қарор қабул қилинмайди.
Фармон лойиҳаси билан 44 та лицензияланадиган фаолият йўналишлари ва 13 турдаги рухсатномалар хабардор қилиш механизмига ўтказилмоқда.
Хусусан, мактабгача таълим, ломбард, концерт-томоша, ветеринария даволаш, алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш каби фаолиятларини ваколатли органларни хабардор қилиш орқали бошлаш мумкин бўлади. Оммавий ахборот воситасини рўйхатга олиш ҳам энди хабардор қилиш тизимига ўтади.
Иккинчидан, лицензияланадиган ва рухсатнома олиш талаб этиладиган фаолият йўналишлари сони сезиларли равишда қисқартирилмоқда.
Инсон соғлиғига ва жамиятга зиён етказмайдиган фаолият турларини лицензиялашдан чиқариб ташлаш ҳамда хавфлилик даражаси паст бўлган фаолиятларни тартибга солишнинг муқобил усулларига ўтказиш таклиф қилинмоқда. Бунда “тартибга солиш гильотинаси” усулини қўллаш орқали айрим турдаги лицензия ва рухсатномалар бекор қилинмоқда.
Фармон лойиҳасига кўра қарийб 100 та лицензияланадиган фаолият йўналишлари ва 35 та рухсатномаларни бекор қилиш орқали (31 та) ёки муқобил шаклларга ўтказиш назарда тутилмоқда.
Лицензия ва рухсат бериш характеридаги ҳужжатларни қисқартириш натижасида тадбиркорлик субъектларининг йилига қарийб 125 млрд сўм маблағлари иқтисод қилиниб, ўз ихтиёрида қолдирилади.
Мазкур йўналишда аудиторлик, баҳолаш, риэлторлик, фонограммаларни тайёрлаш, юкларни автомобиль транспортида шаҳарда, шаҳар атрофида ва шаҳарлараро ташиш фаолиятига лицензиялар бекор қилинмоқда. Шунингдек, хорижий ишчи кучларини жалб қилишга рухсатнома ва спорт иншооти объекти паспортини олиш, тренерлик фаолиятига олинадиган рухсатномаларни ҳам бекор қилиш таклиф этилмоқда.
Учинчидан, лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш жараёнлари тўлиқ электронлаштирилади.
Бунинг учун “Лицензия” ахборот тизими ишлаб чиқилиб барча лицензия, рухсатнома ва хабарномаларни ягона портал орқали ҳужжат топшириш, кўриб чиқиш ва уни бериш амалиёти йўлга қўйилади.
Ваколатли органларга мурожаат қилиш, ҳужжатларни топшириш фақат электрон амалга оширилиши бегиланяпти.
Тадбиркордан ортиқча ҳужжатларни тақдим этишга чек қўйилади. Лицензия бериш учун бошқа органнинг маълумотномаси ёки бошқа ҳужжати керак бўлса тадбиркор иштирокисиз ваколатли органнинг ўзи ягона тизим орқали олади.
Лойиҳа бўйича лицензия ва рухсатномаларни махсус қоғоз бланкаларда расмийлаштириш амалиётидан воз кечиб, QR-код қўйилган электрон ҳужжатлар тақдим этишга тўлиқ ўтилади.
Мазкур ишлар натижасида, маъмурий тартиб-таомилларни амалга оширишдаги коррупцион ҳолатларнинг юзага келиши чекланади, тадбиркорларнинг Тошкент шаҳрига келиб-кетиши билан боғлиқ вақт ва молиявий харажатлари иқтисод қилинади, давлат органларининг махсус бланкаларни ишлаб чиқаришга бир йилда йўналтирадиган 13 млрд. сўмдан ортиқ маблағлари тежалади ва қарийб 3,5 млн. дона қоғоз сарфланиши олди олинади.
Ушбу информацион тизимни ва дастурни ишлаб чиқишда Адлия вазирлиги грант маблағларни жалб қилган.
Тўртинчидан, лойиҳа билан бизнес жараёнлар ва маъмурий тартибларнинг кенг кўламли енгиллаштирилиши кўзда тутилган.
Лицензия талаб ва шартлари рақобатни чекловчи қоидаларни, яъни товар ва хизматлар бозорига кириб келишга тўсиқ бўлувчи омилларни қисқартириш нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқилди.
Жумладан, 115 та лицензия ва рухсат бериш хусусиятига эга ҳужжатларни олиш тартиб-таомилларини янада қисқартириш ва соддалаштиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш белгиланмоқда ҳамда 14 турдаги фаолиятлар бўйича ҳужжатларни расмийлаштириш муддатлари қисқартирилмоқда.
Масалан, Кредит бюросини очиш учун лицензия олишда камида 10 та тижорат банки билан кредит алмашинувини амалга оширишга розилигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этиш талабини бекор қилиш, айрим фаолият турлари учун устав фонди миқдорига қўйиладиган минимал талабларни олиб ташлаш ҳамда туроператорлар хизматларини сертификатлаштиришни ихтиёрий этиб белгилаш таклиф этилмоқда.
Бешинчидан, ваколатли органлар ташаббуси билан лицензия ва рухсатномаларни бекор қилиш фақат суд тартибида амалга ошириш таклиф этилмоқда.
Шу билан бирга, лицензия бериш тўғрисидаги аризалар ўз вақтида кўриб чиқилмаса, тадбиркорлик субъектининг розилиги билан унга автоматик равишда лицензия ёки рухсатнома расмийлаштириб берилади. Бундай имконият “Лицензия” ахборот тизимида назарда тутилади.
Олтинчидан, давлат унитар корхоналари ва муассасалари томонидан фаолиятнинг лицензияланадиган турларини тегишли лицензияни олмасдан амалга ошириш ҳуқуқи бекор бўлмоқда.
Мазкур қоида давлат корхоналарини хусусий тадбиркорлардан устун қўйишга, бозорда тенг бўлмаган шароитларнинг яратилишига, давлат корхоналарининг монопол мавқега эга бўлиб қолишига олиб келди. Шу билан бирга, ушбу ташкилотларда лицензион талаб ва шартларга риоя этилиши устидан назорат амалга оширилмай қолиши каби салбий оқибатлар юзага келди. Лойиҳага кўра, қайд этилган ташкилотлар жорий йил охирига қадар тегишли лицензияни расмийлаштириш чораларини кўришлари лозим.
Еттинчидан, рухсат бериш тартиб-таомилларига доир муносабатларни тартибга солувчи қонунчиликни тизимлаштириш, кодификациялаш ва норматив юкини қисқартириш чоралари кўрилади.
Бунда 20 йил аввал қабул қилинган “Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида”ги, шунингдек “Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунларни бирлаштириш орқали ягона қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.
Шунингдек, лицензия ва рухсатномаларнинг паспортлари жорий қилинади. Паспортларни ишлаб чиқиш натижасида тадбиркор катта ҳажмли низомлар билан танишиб ўтиришга зарурати қолмайди. Фаолиятни амалга ошириш учун асосий маълумот ва талаблар битта ҳужжат – паспортларда акс эттирилади.
Шу билан бирга, лойиҳа билан лицензиялаш ва рухсат бериш тизими ислоҳотини бир марталик эмас, балки давомли ва натижали қилиш учун замин яратилмоқда.
LiveБарчаси