Сув хўжалиги вазирига янги ўринбосарлар тайинланди

Жамият

image

Ўзбекистон Сув хўжалиги вазирига биринчи ўринбосар ва ўринбосар тайинланди. Президентнинг шу тўғрисидаги тегишли қарорлари 15 октябрда қабул қилинди.

Унга кўра, Зокир Эшқурбонович Эшпўлатов Сув хўжалиги вазирига биринчи ўринбосар – Сув хўжалиги объектларини эксплуатация қилиш агентлиги директори лавозимига тайинланган. Миролимжон Каримжон ўғли Каримов эса вазир ўринбосари бўлди.

Зокир Эшпўлатов 1983 йил 24 июнда Сурхондарё вилояти, Термиз туманида туғилган. Маълумоти олий, муҳандис-гидротехник. 2005 йилда Тошкент ирригация ва мелиорация институти бакалавриатини, 2009 йилда мазкур институт магистратурасини тамомлаган. Техника фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасига эга.

Меҳнат фаолиятини 2005 йилда Аму-Сурхон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳузуридаги Гидрогеология мелиоратив экспедицияси 1-тоифали мутахассиси лавозимида бошлаган. 2008–2012 йилларда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг Марказий технологик ва диспетчерлик хизмати 1-тоифали мутахассис-диспетчери, бош мутахассиси, бўлим бошлиғи, 2012–2018 йилларда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги Сув ресурслари баланси ва сувни тежайдиган технологияларни ривожлантириш бошқармаси бош мутахассиси, Сув ресурсларини бошқаришни ташкил этиш ва ундан оқилона фойдаланиш бўлими бошлиғи, 2018–2022 йилларда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги Сув тежайдиган технологияларни жорий қилиш сектори бошлиғи, Сув ресурслари бўлими бошлиғи, Сув ресурслари ва сувдан фойдаланиш бошқармаси бошлиғи, 2022–2023 йилларда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг Ахборот-таҳлил ва ресурс маркази директори, 2023–2025 йилларда Вазирлар Маҳкамаси бош мутахассиси лавозимларида фаолият кўрсатган.

Миролимжон Каримов эса 1977 йил 3 январда Фарғона вилояти Бешариқ туманида туғилган. Маълумоти олий, ихтисослиги давлат молиясини бошқариш. 2000 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университети бакалавриатини, 2002 йилда магистратурасини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини 1993 йилда Бешариқ туманидаги “Навбаҳор” улгуржи савдо базаси экспедитори лавозимида бошлаган. 2002–2005 йилларда Тошкент давлат иқтисодиёт университети “Иқтисодиёт назарияси” кафедраси ассистенти бўлиб фаолият кўрсатган. 2005–2007 йилларда хусусий секторда, 2007–2008 йилларда Қўқон шаҳар Халқ банки филиалида, 2008–2010 йилларда Қўқон шаҳар Давлат солиқ инспекциясида, 2010–2017 йилларда Давлат солиқ қўмитасида турли лавозимларда меҳнат қилган.

2017 йилда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Давлат бюджети бош бошқармасида бўлими бошлиғи ўринбосари, 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси етакчи инспектори, бош инспектори, 2021–2023 йилларда “Ўзбекнефтгаз” АЖ Иқтисод ва режалаштириш департаменти бошлиғи ўринбосари, Нефть маҳсулотлари логистикаси департаменти бошлиғи, 2023–2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси бош инспектори, шўъба мудири лавозимларида фаолият кўрсатган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шайхонтоҳур туманига янги прокурор тайинланганди.


Мақола муаллифи

Теглар

ўринбосар Сув хўжалиги вазири

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг