Сурхондарёда эрта никоҳни тарғиб қилган блогер жазоланди

3-саҳифа

image

Ижтимоий тармоқларда “Сурхондарё вилоятида 2008 йилда туғилган қизнинг 2 нафар фарзанди бор” сарлавҳаси остида видеолар тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан Болалар омбудсмани муносабат билдирди.

Аниқланишича, жорий йилнинг 21 ноябрь куни блогерлик билан шуғулланувчи А.Ш. (эркак), Ж.Н. (2003 йилда туғилган эркак) ва С.Р. (2005 йилда туғилган аёл) лар ўзаро келишган ҳолда С.Р. ва Ж.Н.лар гўёки ўзларини 15 ва 17 ёшдаги вояга етмаган ота-она деб кўрсатиб видеороликда иштирок этган. А.Ш. эса видео давомида эрта никоҳ ҳолатини ижобий шарҳлаб, мазкур видеони ўз Instagram саҳифасига жойлаган.

Болалар омбудсмани сўровига кўра, кеча, 25 ноябрь куни эрта никоҳни тарғиб қилиш мазмунидаги мазкур ҳолат бўйича блогер А.Ш. нинг хатти-ҳаракатларига баҳо бериш мақсадида иш ҳужжатлари туман ИИБ томонидан жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар судига юборилган.

Суд томонидан тўпланган ҳужжатлар кўриб чиқилиб, А.Ш. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 2022 моддаси (Ёлғон ахборот тарқатиш) 1-қисми билан жавобгарликка тортилиб,  унга нисбатан БҲМнинг 4 баробари миқдорида жарима жазоси тайинланган. Ж.Н. ва А.Ш. лар эса бундай номақбул ҳаракатларга йўл қўймаслик бўйича огоҳлантирилди.

Маълумот учун, Ўзбекистонда 2019 йилдан бошлаб, эркаклар ва аёллар учун ягона никоҳ ёши 18 ёш этиб белгиланган.

“Бу борада Болалар омбудсмани позицияси – никоҳ ёшида бўлмаган, яъни вояга етмаган шахс билан никоҳни тарғиб қилишга қаратилган ҳар қандай ҳаракатларни тақиқловчи махсус қонун нормалари жорий этилиши зарур! Бола манфаатларига зид бундай ҳолатларга жамиятимизда мутлақо ўрин йўқ, уларга батамом барҳам бериш керак”, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил ёзда Бухоро вилоятида эрта турмуш қурган 16 ёшли куёв ҳамда 17 ёшли келиннинг ота-оналарини маъмурий жавобгарликка тортиш юзасидан ҳужжатлар судга юборилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Сурхондарё ота-она

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг