Сурхондарёда ўқитувчи ўқувчи қизга шаҳвоний шилқимлик қилди

3-саҳифа

−

image

Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманида техникум мастери 16 яшар қизга нисбатан шаҳвоний шилқимлик қилгани учун 5 суткага қамалди. QALAMPIR.UZ суд ҳужжати билан танишди.

Ҳужжатда келтирилишича, жорий йилнинг 25 сентябрь куни 37 ёшли эркак техникумнинг вояга етмаган ўқувчисига нисбатан шаҳвоний хусусиятга эга бўлган ҳаракатни икки марта қўпол равишда содир этиб, шаҳвоний шилқимлик қилган.

Жорий йилнинг 6 октябрь куни Жиноят ишлари бўйича Жарқўрғон туман судида мазкур иш кўриб чиқилган. Судда техникум ўқитувчиси айбига иқрор бўлмаган. Унинг айтишича, техникум томонидан берилиши керак бўлган оёқ кийим берилмагани сабабли ўқувчиларнинг ота-оналари ариза ёзиб беришини айтган. Хусусан, у вояга етмаган ўқувчини физика дарсидан олиб чиқиб, кафедра хонасида оёқ кийим юзасидан ўқувчиларнинг ота-онасидан ариза олиб беришини сўраган.

Судда вояга етмаган жабрланувчи ҳам онаси иштирокида кўрсатма берган. Унинг айтишича, ўқитувчи қизни дарсдан олиб чиқиб, кафедра хонасига олиб борган. У ерда ўқитувчи қизнинг қўлидан тортиб, ўзига яқинлаштирган, белидан ва орқасидан ушлаган. Қиз эса қаршилик кўрсатиб, кетиб қолган ва дарсга қатнашган. Қиз дарс тугаганидан кейин ётоқхонага борган ва шунда ўқитувчи иккинчи рақамидан қўнғироқ қилиб, уни спортзалга чақирган. Қиз спортзалга борганда ўқитувчи яна шаҳвоний шилқимлик қилган. Қиз эса эркакка қўнғироқ бўлганидан фойдаланиб, қочиб қолган.

Суд қарори билан ўқитувчи Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-1-моддаси (шаҳвоний шилқимлик қилиш) 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилган. Унга ушбу модда билан 5 сутка маъмурий қамоққа олиш жазоси тайинланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрида мактаб қўриқлаш хизмати ходими 6-синф қизга нисбатан шилқимлик қилгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг