Сурхондарёда судья ёрдамчиси пора билан ушланди
3-саҳифа
−
19 Сентябрь 7160 1 дақиқа
Сурхондарё вилояти Термиз туман судининг судья ёрдамчиси 800 доллар пора билан қўлга тушди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, жиноят ишлари бўйича Термиз туман судининг судья ёрдамчиси хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда мазкур туман судида кўрилаётган маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш бўйича ҳуқуқбузарга нисбатан енгиллик яратиб бериши эвазига дастлаб 500 минг сўм пул маблағини олиб, қўшимча равишда 800 АҚШ доллари талаб қилган.
Давлат хавфсизлик хизматининг Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг ҳудудий бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида Термиз шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда судья ёрдамчиси ўзининг қариндоши воситачилигида 800 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Билдирилишича, ҳозирда ҳолат юзасидан унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 3-қисми “в” банди ва 28,211-моддаси (Пора бериш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурхондарёда ҳакамлик судининг кадрлар бўлими бошлиғи бир фуқарони танишлари орқали ишга киритиб қўйиш мақсадида 1000 доллар талаб қилиб, сўралган пул маблағини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланганди.
Live
Барчаси