Бўстон ҳокимининг икки ўринбосари қамалди

Crime

−

image

Андижон вилояти Бўстон тумани ҳокимининг икки ўринбосари порахўрлик учун қамалди. QALAMPIR.UZ суд ҳужжати билан танишди.

Ҳужжатда келтирилишича, Бўстон туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари – туман қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи У.С. туманнинг 2025 йилга мўлжалланган саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг экспорт режаси белгиланганидан фойдаланган. У тумандаги боғдорчилик ва мевасабзавотчиликка ихтисослаштирилган фермер хўжаликлари томонидан режани бажарилишига масъул бўлган. Собиқ мулозим фермер хўжаликларига ноқонуний топшириқлар бериб, топшириқни бажармаган тақдирда ер майдонлари олиб қўйилишини айтган. Шунингдек, уларнинг номидан экспорт режасини бажариш эвазига ҳар бир гектар ер майдони учун 1 млн сўмдан пул талаб қилган. Жумладан, 2025 йил 3 сентябрь куни фермер хўжаликларидан бирининг иш бошқарувчиси Б.А. дан 5 гектар ер майдони учун 5 млн сўм пул беришини талаб қилган ва шундан 4 млн сўм олган.

Бундан ташқари, У.С. ўзининг жиноий ҳаракатларини такроран давом эттириб, Бўстон туман ҳокимининг ўринбосари – инвестициялар, саноат ва савдо бўлими бошлиғи Ш.Д. билан олдиндан жиноий тил бириктирган. Улар Бўстон туманида фаолият олиб борувчи кўп тармоқли фермер хўжалигининг 105 гектар ер майдонидан боғдорчилик ва сабзавотчиликка мўлжалланган 65 гектар ер майдони учун уларнинг номидан экспорт режасини бажариш эвазига 65 млн сўм талаб қилган. Ш.Д. 2025 йил 5 сентябрь куни талаб қилинган пулдан 40 млн сўмни олган вақтида ушланган.

Жиноят ишлари бўйича Қўрғонтепа туман судининг жорий йил 25 февралдаги ҳукмига кўра, У.С. ва Ш.Д Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) 2-қисми тегишли бандларида назарда тутилган жиноятни содир қилишда айбли деб топилган. У.С.га 6 йил, Ш.Д. га 5 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Шунингдек, судланувчилар 2 йилга давлат ёки давлат иштирокидаги ташкилотларда мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган.

Жорий йилнинг 12 октябрь куни Андижон вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати тафтиш инстанцияси Жиноят ишлари бўйича Қўрғонтепа туман судининг 2026 йил 25 февралдаги ҳукми ҳамда Андижон вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2026 йил 13 майдаги ажримини ўзгаришсиз қолдирган ва тафтиш шикоятлари қаноатлантирилмаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент тумани ҳокими ўринбосари 1 гектар ерни аукцион орқали олиб бериш эвазига 25 минг доллар олаётган вақтида ушланган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends