Сурхондарёда электр таъминоти тўлиқ тикланди – Энергетика вазирлиги
Жамият
−
14 август 679 3 дақиқа
Аввалроқ, Марказий Осиё ягона энергетика тизимида аварияли ҳолат юзага келгани, оқибатда Ўзбекистон, хусусан, Сурхондарё вилояти ва қўшни давлатларнинг электр таъминотида узилишлар кузатилгани ҳақида хабар берилган эди. Ушбу ҳолатдан сўнг Сурхондарёда электр таъминоти тўлиқ тикланди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар берди.
Вазирликка кўра, йирик энергетика тизимларида айрим электр станциялари ёки электр узатиш тармоқларининг авариявий ўчиши оқибатида тизимдаги ишлаб чиқариш ва истеъмол ўртасидаги мувозанат бузилиши, хусусан, электр частотасининг пасайиши юзага келиши мумкин. Бундай вазиятда зарур чоралар ўз вақтида кўрилмаса, авария бир ҳудуддан бошқа ҳудудларга тарқалиб, кенг кўламли узилишларга, ҳатто тизимли авария – блекаутга олиб келиши мумкин. Шундай ҳолатларда аварияга қарши автоматика тизимлари энерготизимни ҳимоя қилишда муҳим ҳисобланади.
“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” компаниясининг электр тармоқлари ва подстанцияларида аварияга қарши автоматика тизимларининг ўз вақтида, тўлиқ ва тўғри ишлаши натижасида авариянинг республика энерготизимида кенгайиб кетишининг олди олинган.
“Бундан ташқари, энерготизимда авария оқибатида қисқа вақт ичида йўқолган қувватнинг ўрнини тўлдиришда энергия сақлаш тизимларидаги (БЕСС) захира энергияни тармоққа тезкор узатиш муҳим роль ўйнади. Жумладан, энергия сақлаш тизимлари зарур пайтда энергияни тармоққа жуда қисқа вақт ичида бериш имконини таъминлади. Бу эса тизимдаги қувват мувозанатини тиклаш ва частотанинг кескин пасайишининг олдини олишга хизмат қилди”, дейилади хабарда.
Билдирилишича, агар йўқолган қувватни фақат электр станцияларни ишга тушириш орқали қоплашга тўғри келганида, бу жараён кўпроқ вақт талаб қилган бўлар эди. Шу нуқтаи назардан, энерготизимда энергия сақлаш технологияларининг жорий этилиши нафақат электр энергиясини сақлаш, балки авариявий ҳолатларда тизим барқарорлигини таъминлаш воситаси сифатида ҳам муҳим аҳамиятга эга эканлигини кўрсатди.
Сурхондарё вилоятининг электр таъминоти асосан иккита 500 кВ кучланишли электр узатиш тармоғи орқали таъминланади. Уларнинг бири қўшни давлат ҳудудидан, иккинчиси эса Қашқадарё вилояти ҳудудидан электр энергиясини етказиб беради.
Авария вақтида ушбу икки тармоқдан бирида режали таъмирлаш ишлари олиб борилаётган бўлган. Шу сабабли қўшни давлат томонидан электр энергияси келадиган тармоқда узилиш юзага келиши вилоят электр таъминотини қисқа вақт ичида тўлиқ қайта тиклаш имконини чеклаган.
Олиб борилган тезкор чоралар натижасида режали таъмирлашда бўлган 500 кВли электр узатиш тармоғи хавфсизлик талабларига мувофиқ ишга тайёр ҳолатга келтирилиб, қайта ишга туширилган. Бунинг натижасида Сурхондарё вилоятида электр таъминоти босқичма-босқич тўлиқ тикланган.
Live
Барчаси