Сурхондарёда аёллар вазир ўринбосарининг шарафига теримга жалб қилинди (аудио)
Жамият
−
07 Октябрь 11672 3 дақиқа
Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилояти Қумқўрғон тумани ҳокимининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Нигора Жумаева аёлларни мажбурий меҳнатга, яъни пахта теримига жалб этгани ҳақида хабарлар тарқалди. Хабарларга илова қилган аудиоёзувларда ҳоким ўринбосари ҳар бир хотин-қизлар фаолидан камида 2 нафар аёлни ўзи билан бирга пахта теримига олиб чиқишни талаб қилганини эшитиш мумкин.
“Эртага эрталаб ҳамма соат 7 дан ҳар бир фаол ўзи билан бирга камида 2 нафардан теримчи аёлларни олиб, далага бориши керак. Шаҳар маҳаллалари олиб чиқадиган хотин-қизлар билан соат 6:30 да кўришамиз. Автобус шу ерда бўлади. Эрталаб 6:30 да пахтага чиққан бўлиши керак. Соат 9:00 да Маҳкамова келадиган бўляпти. Шунгача биз тайёрлаб, тозалаб, теримчилар далага тушиб кетган бўлиши керак.
Мен олиб келмадим, мени ишим чиқиб қолди, деган нарсани қилманглар. Бош вазир ўринбосари Маҳкамова келяпти, хазил ўйнаманглар. Ҳамма жиддий, виждонан ёндашингизлар. Ҳамма эрталаб келиб, айтилган нарсалар билан биргаликда ишларни ташкил қиласизлар. Соат 7 да ҳамма далада бўлиши керак, кечикиб 8 да судралиб юрманглар”, дейди Нигора Жумаева.
Ушбу ҳолат юзасидан Қумқўрғон туман ҳокимлиги муносабат билдириб, пахта теримига чиққан аёлларнинг “кўнгилли” эканини, уларнинг “ўз ихтиёри” билан бунга рози бўлганини маълум қилди.
Ҳокимликка кўра, жорий йилнинг 22 сентябрь куни Бош вазир ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова Қумқўрғон туманига ташриф буюриб, у ерда “Аёллар бандлигини таъминлаш, ишсизликдан ҳоли ҳудудга айлантириш” борасида олиб борилаётган ишлар билан танишган.
Ташриф доирасида Мунчоқтепа маҳалласидаги “Мунчоқтепа истиқболи” фермер хўжалигида “Меҳнатим – фахрим” номли тадбир ташкил этилган. Тадбирда хотин-қизлар фаоллари билан бир қаторда теримда иштирок этаётган аёллар ҳам қатнашган. Улар ихтиёрийлик асосида тадбирда иштирок этиши белгиланган.
“Аудиоёзувда Жумаева томонидан маҳалла фаолларига тадбирни масъулият билан ташкил этиш ҳамда пахта теримида фаол иштирок этаётган кўнгилли аёлларнинг белгиланган вақтда далада бўлишини таъминлаш ҳақида топшириқ берилгани акс этган. Бироқ ушбу топшириқни мажбурий меҳнат сифатида талқин этиш мутлақо асоссиз”, дейилади муносабатда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги жорий йилнинг 10-20 сентябрь кунлари ўтказилган мониторинг давомида 11 ҳолатда меҳнат қонунчилиги бузилиши аниқланиб, мансабдор шахсларга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддаси (меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузиш) га асосан жавобгарлик чоралар белгилангани, мажбурий меҳнатга йўл қўйган 3 нафар мансабдор шахсга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-модда (меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш) 1-қисмига кўра чора кўрилгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси