Сурхондарёда аёл собиқ эрини қўрқитиш учун боласини калтаклади
3-саҳифа
−
12 Февраль 5713 2 дақиқа
Сурхондарё вилоятида аёл алимент ва бошқа моддий таъминот бермагани важи билан собиқ эрини қўрқитиш мақсадида боласини калтаклади. Мазкур ҳолат юзасидан Болалар омбудсмани муносабат билдирди.
Қайд этилишича, ҳолат 1 йил аввал содир бўлгани аниқланган. Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида яшовчи 2001 йилда туғилган аёл Т.М. 2024 йилнинг май ойида собиқ турмуш ўртоғи 1994 йилда туғилган А.Қ. билан жанжаллашиб, бола учун алимент ва бошқа моддий таъминот бермаганлиги важи билан боланинг отасига босим қилиб, қўрқитиш мақсадида видеоқўнғироқ қилиб, 2 ёшли фарзанди А.Р. ни уриб тасвирга олган ва уни собиқ турмуш ўртоғига юборгани аниқланган.
Терговга қадар текширувда боланинг соғлиғига зарар етмагани аниқлангани сабабли 2024 йил 14 май куни ҳолат юзасидан аёл Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддалари билан ҳуқуқбузарлик содир қилган деб топилиб, Жиноят ишлари бўйича Сариосиё туман суди томонидан унинг жавобгарлиги масаласи ҳал этилган.
Билдирилишича, ҳозирда Т.М. собиқ турмуш ўртоғи ва унинг оила аъзолари билан ўзаро низоли вазиятда бўлиб, бу борада терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида она 4 ёшли қизини аёвсиз калтаклагани ва оғир тан жароҳати етказгани оқибатида қизча вафот этган эди. Тиббиёт хулосасига кўра, болада бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия лат ейиши оғир даражаси ва бош соҳасидаги бошқа оғир жароҳатлар қайд этилган.