Суриядаги ўзгаришлар халқ учун қулай натижалар олиб келади – Эрдўған
Олам
−
10 Декабрь
2042Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған кеча, 9 декабрь куни Вазирлар Маҳкамаси йиғилишидан сўнг, Суриядаги вазият ҳақида баёнот берди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
“Суриядаги воқеаларнинг 13 йиллик тарихини билган ҳар бир инсон, Туркиянинг адолатли тинчлик йўлида олиб борган ҳалол курашига гувоҳ бўлади. Бу жараёнда Сурияга бўлган ёндашувимиз ҳеч қачон манфаатга асосланган эмаслигини бошидан бери қайта-қайта таъкидлаб келмоқдамиз”, деган у.
Эрдўған собиқ Башар Асад режимини фашизм деб атаб, Туркияда яшаётган қочқинлар энди бемалол ва қўрқувсиз уйларига қайтиши мумкинлигини таъкидлади.
“Сурия тинчлик сари ўзгараётган пайтда, менинг ишончим комилки, бу ўзгаришлар муҳожирлар ва бутун Сурия халқи учун яхши натижаларга олиб келади. Сурия барқарорликка эришган сайин энг яхши қайтишни амалга оширади”, дейди Эрдўған.
Президент суриялик қочқинларни 13 йиллик ватан соғинчи аста-секин тугаши билан табриклаган.
“Мен дуоларимда сўраганларим амалга ошмоқда. Ватан соғинчига ташна биродарларимиз учун Яйладаги чегара пунктини очмоқдамиз”, деган у.
Қайд этиш жоиз, “Яйладаги” Сурия билан шимоли-ғарбий чегарада, Туркиянинг Рейҳанли шаҳридан 90 километр узоқликда жойлашган. 2013 йилда Анқара ҳарбий ҳаракатлар туфайли уни вақтинча ёпган эди. Туркия Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, республика ҳудудида 3 миллионга яқин суриялик қочқинлар бўлиши мумкин. Эрдўған аввалроқ бир миллионга яқин одамнинг Сурияга қайтишини таъминлаш режаларини эълон қилган.
Шунингдек, Туркия етакчиси мухолифат вакилларини фитначиликда айблаган.
“Мухолифат ўз хатолари билан юзлашиш ўрнига суриялик мазлумлар мавзусидан фойдаланган ҳолда янги фитналар яратишга уринишда давом этмоқда. Уларга маслаҳатимиз шуки, эски ёндашувларидан воз кечиб, сурияликлар қувончига шерик бўлсин. Улар ўзларини тўсилган “шиша қафас”дан чиқариб, дунё ва минтақадаги воқеаларга эътибор қаратишлари керак”, дея қўшимча қилган Президент.
Эрдўған Сурияда кечаётган вазиятни кузатиб бораётгани, “сиёсий ақл” билан таҳлил қилаётгани, шунингдек, қўлидан келганини қилаётгани ва келажакда ҳам Сурия учун қўлидан келган ишни амалга оширишини билдирган.
"Туркиянинг ягона мақсади – ўз ҳудуди ва фуқароларини террор хуружларидан ҳимоя қилишдир. Бизнинг вазифамиз Сурия халқини қайта оёққа туриш ва мамлакатни қайта тиклаш йўлида қўллаб-қувватлашдир", деган у.
Эрдўған қўшниларига мурожаати сўнгида ҳақиқий жасорат кўрсатгани ва бу тарихда қолишини эслатган.
“Азиз биродарлар, Туркия ҳар доим сизнинг ёнингизда. Сизлар зўравонлик ва қийинчиликларга бўйсунмасдан, қаҳрамонлик намунасини кўрсатдингиз. Сизнинг бу жасоратингиз авлоддан-авлодга ўтадиган ҳикояга айланади”, дея сўзини якунлаган Президент.
Эслатиб ўтамиз, 8 декабрга ўтар кечаси қуролли мухолифат Дамашққа кириб келиб, Асад режимини қулатган эди. Шундан сўнг, Башар Асад мамлакат пойтахтини самолётда тарк этганди. У оиласи билан Москвага борди.