Сурияда жанглар кучайди. ИШИД болаларни “тирик қалқон” қиляпти

Олам

image
0:00
0:00
download

ИШИД террорчилик гуруҳи жангарилари Сурия шимоли-шарқидаги Ал-Ҳасака шаҳридаги жангларда 700 нафаргача вояга етмаган болалардан тирик қалқон сифатида фойдаланмоқда. Бу ҳақда “Сурия демократик кучлари” (SDF) альянси ахборот маркази хабар берган. 

Таъкидланишича, Ал-Ҳасака шаҳрида SDF’нинг курд-араб қуролли гуруҳлари ва 20 январь куни 5000 га яқин террорчи сақланаётган қамоқхонага бостириб киришга уринган ИШИД жангарилари ўртасида жанглар давом этмоқда. Баёнотга кўра, ИШИД томонидан тирик қалқон сифатида фойдаланилган болалар ушбу гуруҳнинг ўсмир жангариларидир. Ҳибсга олингандан кейин улар қамоқхона ҳудудидаги махсус реабилитация марказида бўлган. 

“ИШИДнинг “Гуйран/Синаа” қамоқхонасига у ерда сақланаётган террорчиларни озод қилиш учун уюштирган ҳужумидан кейин уч кун ичида SDF йўлидаги асосий тўсиқ террорчиларнинг болалардан фойдаланиши бўлди”, дейилади хабарда. 

Ҳибсга олинган бир қатор террорчиларнинг иқрорига кўра, қамоқхонага бостириб киришда 200 нафар ўлимга ҳукм қилинган террорчи иштирок этган. Уларнинг айтишича, қамоқхона мажмуасини қўлга олишга тайёргарлик олти ой давомида олиб борилган.

Қайд этилишича, Ал-Ҳасака қамоқхонасига туташ ҳудудда ва қамоқхона мажмуасининг ўзида террорчиларни йўқ қилиш амалиётида 10 минг SDF жангчиси, шунингдек, “Асаиш” хавфсизлик кучлари иштирок этмоқда. 

Ҳужжатга кўра, айни пайтда 175 нафар ИШИД террорчиси йўқ қилинган. Улар орасида қамоқхонага бостириб киришга уринганлар ҳам, ундан қочишни кутганлар ҳам бор. Террорчилар билан жангларда SDF’нинг 27 нафар жангчиси ҳалок бўлган.

Курд қуролли кучлари АҚШ ҳарбийлари кўмагида Ал-Ҳасака ва Раққа вилоятларининг аксар қисмини, шунингдек, Ҳалаб ва Дайр-аз-Зор вилоятларидаги айрим аҳоли пунктларини назорат қилмоқда. Жумладан, Ал-Ҳасака ва Ал-Қамишли шаҳарларидаги аксарият маҳаллалар уларнинг назорати остида. Таъкидланишича, расмий Дамашқ Сурия шимоли-шарқидаги мухторият бошқарувини тан олмайди.


Мақола муаллифи

Теглар

Сурия ИШИД жанг

Баҳолаганлар

582

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг