Сурия ўз мудофаасини Туркия ёрдамида мустаҳкамламоқчи
Олам
−
21 Август 2805 2 дақиқа
Туркия Миллий мудофаа вазирлиги вакиллари Сурияга “техник ташрифлар” уюштириб, жойлардаги эҳтиёжларни мониторинг қилади ҳамда мамлакат мудофаа қобилиятини ошириш мақсадида қўшма “йўл харитаси” тайёрлайди. Бу ҳақда Туркия Мудофаа вазирлигига таяниб, “Anadolu” хабар берди.
Қайд этилишича, 13 август куни Анқара ва Дамашқ ўртасида мудофаа соҳасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган бўлиб, меморандум доирасида Сурия Қуролли кучларини қайта тузиш жараёнини тезлаштириш кўзда тутилган. Шунингдек, ўқув машғулотлари, маслаҳатлашув, техник ёрдам ва ўзаро ташрифлар режалаштирилган.
Вазирлик вакиллари Туркия учун Сурияда барқарорликни таъминлаш “минтақада тинчликни сақлаш учун муҳим” эканини таъкидлаб, “битта давлат – битта армия” тамойилини қўллаб-қувватлашини қайд этган.
Шунингдек, вазирлик Туркия “тинчликпарвар кучлари”ни Украинага юбориши ҳақидаги даъволарни рад этган.
“Аниқ тасдиқ топмаган прогнозларга асосланиб хулоса қилиш – нотўғри ва мантиқсиздир”, деган вазирлик манбалари.
Шу билан бирга, Анқара Украинада тинчликка эришишга қаратилган ташаббусларни қўллаб-қувватлашини ҳам маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Нуҳ Йилмаз Сурияда зўравонликни камайтиришни давом эттириш ва Исроил ҳарбий ҳужумларини тўхтатишни талаб қилганди. Унга кўра, Исроил томонидан Сурия ерларига қилинган ҳар қандай зўравонликнинг олдини олиш муҳимдир.