“Суратга тушиш учун тўхтаган”. ФВВ Чорвоқдаги фожиа тафсилотларини маълум қилди (видео)

3-саҳифа

image

Жорий йилнинг 2 сентябрь куни Тошкент вилоятидаги Чорвоқ сув омборида чўкиб кетган 3 киши суратга тушиш учун чўмилиш тақиқланган ҳудудда катерни тўхтатиб, қутқарув нимчаларисиз сувга тушгани маълум бўлди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот котиби Мурод Содиқов хабар берди.

Қайд этилишича, ҳодиса Чорвоқ сув омборининг Бурчмулла МФЙ ҳудудидан оқиб ўтувчи қисмида содир бўлган.

ФВВ қутқарув отрядининг командири Рустам Бўриевга кўра, бир оила катерда сув бўйлаб сайр қилган ва суратга тушиш мақсадида чўмилиш тақиқланган ҳудудда тўхтаган. Кейинчалик улар шу жойнинг ўзида чўмилишга қарор қилган.

Айтилишича, чўмилиш вақтида улар қутқарув нимчаларидан фойдаланмаган. Катерни бошқариб келган ҳайдовчи фуқароларга сувга тушишдан аввал қутқарув нимчаларини кийишни тавсия қилган, бироқ унинг тавсиясига риоя қилинмаган.

Бўриевнинг сўзларига кўра, сувга тушган биринчи бола оёғининг томири тортиб қолган. Шундан сўнг отаси уни қутқариш учун сувга тушган. Кейин яна бир ўғил сувга кирган. Шу тариқа ота ва унинг икки ўғли кетма-кет чўкиб кетган. Шунингдек, Рустам Бўриевнинг таъкидлашича, ҳодиса содир бўлган ҳудудда шамол бўлиб турган, сувда озгина тўлқин ҳосил бўлган. Ўша жараёнда чўкиш ҳолати юз берган.

“Бу жуда тез содир бўлган”, деган Бўриев.

Ҳодиса вақтида катерда аёл ва яна уларнинг бир синглиси ҳам бўлган. Улар атрофдагилардан ёрдам сўраган. Катер ҳайдовчиси ҳам сувга тушиб, уларни қутқаришга уринган, бироқ бунинг имкони бўлмаган.

Ҳозирда қидирув-қутқарув ишларига 5 та қутқарув отряди ва сувда ҳаракатланаётган 7 та қутқарув бригадаси жалб қилинган. ФВВ раҳбарияти топшириғига асосан Сирдарё ва Жиззах вилоятларидан ҳам қутқарув отрядлари Чорвоққа юборилган.

Маълум қилинишича, ҳодиса жойида махсус штаб ташкил этилган бўлиб, ФВВ раҳбарияти ҳамда ҳамкор хизматлар томонидан қидирув ишлари олиб борилмоқда. Қутқарувчилар чўккан фуқароларни топиш учун ишларни узлуксиз давом эттирмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Наманган вилоятида дам олувчилар ўтирган 2 та катер тўқнашиб кетиб, одамлар ҳалок бўлган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг