Сўнгги мактуб: Данияда почта хизмати қоғоз хат ташишни тўхтатди
Олам
−
31 Декабрь 2025 1773 1 дақиқа
Дания расмий равишда қоғоз хат беришдан воз кечиш қарорини қабул қилган дунёдаги биринчи давлатга айланди. Охирги мактуб кеча, 30 декабрь куни етказиб берилган. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Телеканал маълумотига кўра, рақамли давр Дания почта хизматининг тарихий якунини белгилаб берган. Бугун, 31 декабрдан бошлаб мамлакатда почта хизмати энди қоғоз хатлар етказиб бермайди.
“Дания давлат почта хизмати PostNord 30 декабрь куни сўнгги мактубни етказиб берди. Шу билан 400 йиллик тарихга эга почта хизмати рақамли давр сабаб якунланди”, дейилади хабарда.
Дания почта хизмати 2024 йилда 2000 йилга нисбатан хатлар сонини 90 фоиздан кўпроққа камайтирган. Таққослаш учун, АҚШ почта хизмати 2024 йилда 2006 йилга қараганда 50 фоизга кам хат етказган.
PostNord компанияси Дания бўйлаб жойлаштирилган 1500 та почта қутисини демонтаж қилган. Компания уларни 10 декабрь куни хайрия учун маблағ йиғиш мақсадида сотувга қўйганида, юз минглаб данияликлар уларни сотиб олишга уринган.
Эндиликда данияликлар хатларни почта орқали юбориш ўрнига уларни дўконлардаги киосклар орқали топширишга мажбур бўлади. У ердан хатлар ички ва халқаро манзилларга хусусий компанияларнинг курьерлик хизматлари орқали етказилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Франциянинг миллий почта оператори La Poste Рождество байрами арафасида йирик киберҳужумга учрагани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси