Сунъий интеллектга қарши чиққан Илон Маск шу соҳа бўйича компанияга асос солди
Олам
−
15 Апрель 2023
6608Илон Маск АҚШнинг Невада штатида сунъий интеллект соҳасида фаолият юритадиган компанияни рўйхатдан ўтказди. Бу ҳақда “The Wall Street Journal” хабар берди.
Қайд этилишича, Маск компаниянинг директори сифатида Жаред Бирчалл эса унинг котиби бўлиб рўйхатдан ўтказилган. Янги компания номи Маскнинг бошқа бир корпорацияси Х.Corp номи билан мос равишда танланган – Х.AI Corp.
Маълумотларга қараганда, миллиардер бир неча ойдан буён ChatGPT чатботини яратган OpenAI компанияси билан рақобатлаша оладиган сунъий интеллект стартапини ятратиш учун жамоа йиғиш билан банд бўлган. Маск Alphabet корпорациясига тегишли бўлган DeepMind AI лабораториясининг олими Игор Бабушкинни ёллашга муваффақ бўлган. Шунингдек, у OpenAI компанияси ходимларини ҳам ишга таклиф қилган. Бироқ бунинг иложи бўлмаган.
Шу йилнинг март ойида Илон Маск ва бир қанча мутахассислар умумий хавфсизлик протоколлари яратилгунга қадар сунъий интеллект бўйича тажрибаларни тўхтатиб туришни сўраб, очиқ хат ёзган эди. Улар ушбу технология инсоният учун хавф туғдиради деб ҳисоблаган. Ўшанда OpenAI'ни молиялаштирувчи Microsoft компанияси асосчиларидан бири Билл Гейтс сунъий интеллект технологияси инсониятга фойда келтиришини ва унинг ривожланишини тўхтатишнинг ҳожати йўқлигини айтган. Бундан ташқари, у сунъий интеллект ривожланишини қандай тўхтатиш мумкинлигини тушунмаслигини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ChatGPT бир неча сония ичида беморга тўғри ташхис қўйган эди. Шунингдек, сунъий интеллект футбол бўйича барча даврларнинг энг кучли ўйинчиларидан иборат рамзий терма жамоани ҳам тузиб чиққанди.
LiveБарчаси