Сулаймонийнинг “ўнг қўли”, “Ҳизбуллоҳ куратори... Исроил Сурияда йўқ қилган форс генерали ким?

Олам

image

Эрон давлат телевидениеси унинг ўлимини эълон қилиш учун бошқа барча турдаги дастурларини тўхтатди. Эрон Президенти Иброҳим Раисий махсус баёнот бериб, унинг Суриядаги муқаддас жойларни ҳимоя қилиш учун қаршилик фронтида шаҳид бўлганини эълон қилди ва исроилликлар бу жиноят учун товон тўлашини айтди. 

“Бу ҳаракат, шубҳасиз, минтақадаги сионист босқинчиларнинг умидсизлиги, ночорлиги ва ожизлигининг яна бир далилидир. Улар бу жиноят учун албатта жавоб беради”, деган Президент.

Гап Суриядаги Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (SEPAH, Эрон Қуролли кучларининг элита бўлинмалари) бош маслаҳатчиси генерал Сайид Рози Мусавий ҳақида кетмоқда.

Эроннинг “Tasnim” агентлиги тарқатган маълумотларга кўра, Мусавий кеча, 25 декабрь куни Исроилнинг Сурия пойтахти Дамашққа ракета ҳужуми оқибатида ҳалок бўлган. Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси Мусавий Исроилнинг ракета зарбаси сабаб ҳалок бўлганини расман тасдиқлади.

Унинг ўлими ҳолатлари шуни кўрсатадики, Исроил зарбасининг асосий нишони Мусавийнинг ўзи бўлган. Шу тариқа ракеталар унинг Дамашқнинг Зейнабиюн зиёратгоҳи жойлашган Саида Зейна аҳоли пунктидаги қароргоҳига йўналтирилган. Аммо, Мусавийнинг ҳаракат траекторияси ва яшаш жойи Эрон махсус хизматлари томонидан ниҳоятда сир тутилган  ва унинг қаердалигини жуда кам сонли одамлар билган. Шунга қарамай, Исроил томони ҳужум пайтида Мусавийнинг ўша уйда бўлганини аниқ билган ва бу маълумот Эрон махсус хизматларидаги манбалар ёки агентлардан келгани ўз-ўзидан аён.

Маълумот учун, Мусавий 2020 йил январида Ироқда АҚШнинг ракета зарбаси оқибатида ҳалок бўлган машҳур генерал Қосим Сулаймонийнинг энг яқин кишиларидан бири ҳисобланган. Ҳатто, уни Сулаймонийнинг вориси, деб ҳисоблайдиганлар ҳам бор эди. Айнан Мусавий Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг бош маслаҳатчиси бўлишдан ташқари, ташкилотнинг “Ҳизбуллоҳ” ва Сурия бўйича куратори ҳисобланган, уни "Сурия урушининг двигатели" ва Эронда "Ҳизбуллоҳнинг азиз биродари" деб аташган. 

Сулаймонийнинг ўлимидан сўнг, унинг расмий вазифалари бир неча киши ўртасида тақсимланиши керак бўлганда, Сайид Розий Сурия йўналишини бошқара бошлади. У бу давлатда 30 йил ишлаб, Сурияни жуда яхши билиб олганди. Унинг ҳатто Сурия Мудофаа вазирлигида ўз идораси ҳам бор бўлган.

Қизиғи шундаки, Мусавий ўлими яқинлашаётганини ҳис қилган ва ўлимидан бир неча кун олдин Қосим Сулаймонийни тушида кўрганини атрофдагиларга айтган. Хабар қилинишича, Сулаймоний унга “шаҳидликни қабул қилиш вақти келди”, деб айтган. Албатта, бу ростдан ҳам содир бўлганми ёки Мусавийнинг ўлимидан кейин уни илоҳийлаштириш учун ўйлаб топилган гапми, буни айтиш қийин. Ҳар ҳолда, Эрондаги ҳукмрон тузум бундай “ривоят” ва “воқеа”ларга алоҳида аҳамият бериб, ҳатто уни ўз мафкурасининг ажралмас қисмига айлантираётгани ҳеч кимга сир эмас.

Лекин, генералнинг ҳар лаҳза ўлимни кутиб яшаши табиий, шунингдек, Мусувийнинг душмани нафақат Исроил, балки Эрон раҳбариятида, махсус хизматларда ҳам уни ёқтирмайдиганлар кам бўлмагани айтилади. 

Хўш, Эрон Исроилнинг навбатдаги операциясига қандай жавоб беради?

Таъкидлаш жоизки, Мусавийдан ҳам каттароқ ва таниқли шахс бўлган Сулаймоний вафотидан кейин ҳам Эрон режими кўплаб таҳдид ва баёнотлар билан чиққан эди. Бироқ, бунинг натижаси нафақат Ироқдаги АҚШ базаси, балки унинг атрофида ҳам икки-учта ракета отишдан узоққа бормади ва ўша ракеталарнинг баъзилари портламай ҳам қолди. Мусавийнинг ўлими ҳам Эрон Сулаймонийнинг ҳуни учун АҚШдан 50 миллиард талаб қилгандан 20 кун ўтиб содир бўлди.


Мақола муаллифи

Теглар

Сулаймоний Ҳизбуллоҳ куратори

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг