Сўх тумани ҳокимига ер ажратиш ҳуқуқи берилди
Жамият
−
08 Август 2020
7082Фарғона вилоятининг Сўх тумани ҳокимига Фарғона вилояти ҳокимлиги билан келишган ҳолда 2022 йил 1 январга қадар туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига киритилган лойиҳалар учун, истисно тариқасида, суғориладиган ер майдонларидан ташқари ер участкаларини тўғридан-тўғри ажратиш ҳуқуқи берилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланган “2020-2021 йилларда Фарғона вилоятининг Сўх туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда сўз боради.
Мазкур қарор билан 2020-2021 йилларда Фарғона вилоятининг Сўх туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тасдиқланди.
Дастурнинг ижтимоий соҳани ривожлантириш қисмига кўра, қуйидагилар амалга оширилади:
• 180 ўринга мўлжалланган қўшма типдаги (4 та гуруҳ умумий типдаги (120 ўрин) ва 4 та гуруҳ ақлий ва руҳий ривожланишида нуқсони бор болалар учун (60 ўрин) мўлжалланган) давлат мактабгача таълим ташкилотини ташкил этилади;
• туманда 10 та оилавий шаклдаги мактабгача таълим ташкилотини ташкил этиш, 11 та мактабгача таълим ташкилотининг бўш турган хоналарини таъмирлаш орқали қўшимча гуруҳлар очиб, туманда мактабгача таълим тизимига жорий йил якунларига кўра болаларни қамраб олиш кўрсаткичи 37,4 фоиздан 53 фоизга етказилади;
• 2020 йилда “Шарқобод” МФЙдаги 14-сон мактабгача таълим ташкилотини реконструкция қилиниб, 2021 йилда “Қақир” МФЙ ҳудудида янги давлат мактабгача таълим ташкилотини қурилади;
• “Сарибозорча” МФЙ ҳудудида 25-сон мактабга қўшимча 240 ўринли янги бино қурилади;
• 2021 йилда “Офтобру” ҳудудида 220 ўринли янги мактаб қурилади, 4, 18, 25-сон мактаблар реконструкция қилинади, 1-сон мактаб биноларини мукаммал таъмирланади;
• тумандаги хорижий давлатлар дипломларига эга бўлган фуқароларни рўйхатларини шакллантирилади ва дипломларни нострификация қилишга кўмаклашилади;
• туман тиббиёт бирлашмасининг 25 ўринли юқумли касалликлар шифохонаси реконструкция қилинади;
• кардиология, эндокринология, неврология, травматология ва болалар бўлимлари биноси ҳамда “Ленбург” ва “Мулғон” қишлоқ врачлик пунктлари биноси янгидан қурилади ва 7 та мавжуд қишлоқ врачлик пунктлари биноларини реконструкция қилинади;
• туман касалхонасини зарур замонавий тиббий ускуналар ва махсус жиҳозланган автотранспорт (реанимобиль), тез тиббий ёрдам бригадалари замонавий тиббий жиҳозлар ва кислород ишлаб чиқариш мини станцияси билан таъминланади;
• тумандаги марказий шифохона Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Фарғона вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамда республика тиббиёт марказлари ўртасида замонавий ахборот технологияларини қўллаган ҳолда телемедицина тизими жорий этилади;
• тор соҳа мутахассислар таъминотини яхшилаш ва аҳолига ихтисослаштирилган тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш мақсадида Сўх туманида фаолият юритаётган тиббиёт ходимларининг малака оширишлари учун керакли шарт-шароитлар яратилади, клиник ординатура ва магистратура босқичларига қўшимча имтиёзли квоталар ажратилади;
• тумандаги мулкчилик шаклидан қатъи назар барча дорихоналарга дори-дармон воситаларни имтиёзли равишда марказлашган тартибда етказиб берилади ҳамда аҳоли кўп яшайдиган (“Демурсад”, “Ғазноб”, “Чашма” МФЙ) ҳудудларда эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда қўшимча дорихоналар ташкил этилади;
• туман касб-ҳунар мактаби биносида тумандаги мактаб битирувчиларини олий таълим муассасаларига ўқишга киришлари учун табиий ва аниқ фанлар бўйича тайёрлов курслари ташкил этилади;
• рақамли технологиялар ўқув маркази, мактаблардаги информатика синфларида компьютер саводхонлиги, дастурлаш, робототехника ва бошқа тўгараклар ташкил этилади.
Маҳалла фуқаролар йиғинлари иш фаолиятини яхшилаш мақсадида ўз балансига эга бўлмаган:
• 11 та маҳалла фуқаро йиғини учун хизмат бинолари давлат-хусусий шериклик асосида қурилади;
• 4 та маҳалла фуқаро йиғини биноси Фарғона вилояти маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан қурилади;
• 5 та маҳалла фуқаро йиғини бинолари капитал таъмирланади;
• 27 та маҳалла фуқаролар йиғинлари компьютер жамланмалари ва мебель жиҳозлари билан таъминланади.
Ёшларнинг бўш вақтларини унумли ўтказиш мақсадида туман марказида ёшлар истироҳат боғи ва маданий-маърифий тадбирларни ўтказиш учун замонавий жиҳозланган ёзги амфитеатр ташкил этилади.
Туманда “Ёшлар спорт комплекси”ни ташкил этилади.
Сўх тумани болалар-ўсмирлар спорт мактабининг “Ровон” шаҳарчасида жойлашган мавжуд бино ва иншоотлари ҳамда очиқ ўйингоҳини тўлиқ реконструкция қилиб ва унинг негизида Сўх тумани 2-сон болалар ва ўсмирлар спорт мактаби фаолияти йўлга қўйилади.
“Офтобру” МФЙ ҳудудида жойлашган собиқ Ижтимоий-иқтисодий ва педагогика касб-ҳунар коллежи биносининг ҳозирда фаолият кўрсатмаётган ёпиқ спорт зал биносини туман болалар-ўсмирлар спорт мактабига бепул ўтказилади ва болалар-ўсмирлар спорт мактабининг мавжуд бино ва иншоотлари реконструкция қилинади.
Ўрта махсус маълумотли 7 нафар тренерларни Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг махсус сиртқи таълим шаклига мақсадли қабул қилиб, жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларнинг 34 нафарига тренерлик фаолияти билан шуғулланиши учун бепул асосда рухсатнома берилади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 3 июнь куни 2019 йилдан буён туман Ички ишлар бўлими бошлиғи вазифасида ишлаб келаётган Сайидбаҳром Сайидмусаев Сўх тумани ҳокими этиб тайинланганди.
LiveБарчаси