Суиқасдга учраган Словакия Бош вазири яна операция қилинади – ОАВ
Олам
−
16 Май
4854Кеча, 15 май куни суиқасдга учраган Словакия Бош вазири Роберт Фицо яна бир операцияни бошдан кечиради. Бу ҳақда “Pravda” ахборот портали хабар берди.
Портал маълумотларига кўра, 15 май куни беш соат давом этган операция давомида шифокорлар Фицонинг қорин бўшлиғидаги қон кетишини тўхтатишга муваффақ бўлган. Қон тўхтатувчи дорилар муаммога олиб келиши мумкин. Бош вазир сон бўғимидаги операцияни кутмоқда.
Шу билан бирга, Словакия Меҳнат вазири Эрик Томас Бош вазирнинг соғлиғи ҳақидаги расмий хабарлар "ўртача оптимистик" деган фикрни билдирди. Унинг айтишича, Роберт Фицонинг аҳволи оғир.
Словакия оммавий ахборот воситалари Фицога суиқасд Словакиядаги сиёсий ҳаётга сезиларли таъсир кўрсатишини тахмин қилмоқда. Фуқаролар, ҳатто Бош вазир тарафдори бўлмаганлар ҳам содир бўлган воқеадан ғазабланиб, у билан бирдам бўлиб, тезроқ соғайиб кетишини тиламоқда. Бу факт Европарламентга бўлиб ўтадиган сайлов натижаларида ҳам ўз аксини топиши кутилмоқда. Фицо бошчилигидаги “Йўналиш – Социал-демократия” партиясининг позицияси сезиларли даражада мустаҳкамланди ва кўплаб сайловчилар сайловда ушбу сиёсий кучдан номзодларга ўз овозларини бериши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 15 май куни Словакия Вазирлар Маҳкамаси йиғилишидан сўнг Бош вазир Роберт Фицо ташқарида йиғилганлар олдига чиққанида, унга қарата ўқ узилганди. Шундан сўнг, Фицо зудлик билан шифохонага ётқизилган. Халқаро майдонда ушбу ҳужум қўрқув ва ғазаб билан қарши олинди. Қатор дунё мамлакатлари етакчилари ушбу ҳолатга нисбатан ўз реакцияларини билдирди. Фицонинг ўзи апрель ойида Facebook’даги саҳифасида словакияликларга видеомурожаат қилиб, республика ҳукумат коалициясига кирувчи партияларнинг етакчи сиёсатчиларидан бирига суиқасд уюштириш хавфи борлигини башорат қилганди.
LiveБарчаси