Словакия Бош вазирига уюштирилган суиқасд ҳақида дунё лидерлари нима дейди?
Олам
−
15 Май
13056Бугун, 15 май куни Словакия Бош вазири Роберт Фицонинг ҳаётига суиқасд уюштирилди – унга ҳукумат мажлисидан чиққан пайтида ўқ узилди. Аввалроқ, сиёсатчининг аҳволи оғирлиги, ҳужумчи қўлга олингани ҳақида хабар бергандик.
Воқеа сабаблари ҳозирча номаълум. Роберт Фицо ошқозон ва кўкрак қафасидаги жароҳатлар билан шифохонага ётқизилган. Халқаро майдонда ушбу ҳужум қўрқув ва ғазаб билан қарши олинди. Қатор дунё мамлакатлари етакчилари ушбу ҳолатга нисбатан ўз реакцияларини билдиришди.
Зузана Чапутова, Словакиянинг амалдаги Президенти:
"Бугун Словакия Бош вазири Роберт Фицога қилинган шафқатсиз ҳужумдан қаттиқ даҳшатга тушдим ва уни жуда қаттиқ қоралайман. Ушбу қийин дақиқаларда унинг тезроқ тузалиб кетишини тилайман. Мен унинг оиласи ва яқинларига ҳамдардлик билдираман.
Петер Пеллегрини, собиқ бош вазир, Словакиянинг янги сайланган Президенти:
"Бош вазирга суиқасд ҳозиргача Словакия демократиясини безаб турган ҳамма нарсага хавф туғдиради. Бошқача сиёсий қарашга нисбатан нафрат нимага олиб келиши мумкинлигидан даҳшатга тушдим. Биз ҳамма нарсада келиша олишимиз шарт эмас, лекин норозилигимизни демократик ва қонуний йўл билан ифодалашимиз керак.Олий даражадаги амалдорлардан бирига суиқасд Словакия демократияси учун мисли кўрилмаган таҳдиддир. Агар биз турли сиёсий қарашларни сайлов участкаларида эмас, балки майдонларда қурол билан ифодаласак, Словакия суверенитетининг 31 йили давомида биргаликда қурган барча нарсамизни хавф остига қўямиз. Бош вазирга шифо тилайман", деган у.
Владимир Зеленский, Украина Президенти:
"Словакия Бош вазири Роберт Фицога қилинган ҳужум чиндан даҳшатли. Биз ҳамкор давлат ҳукумати раҳбарига нисбатан қилинган бу зўравонликни кескин қоралаймиз. Ҳар қандай давлатда, ҳар қандай ҳолатда зўравонликка йўл қўйиб бўлмайди. Биз Робертнинг тезроқ тузалиб кетишини тилаймиз ва Словакия халқи билан бирдаммиз", дейилади Зеленскийнинг муносабатида.
Урсула фон дер Ляйен, Еврокомиссия раҳбари:
"Бош вазир Роберт Фицога қилинган даҳшатли ҳужумни кескин қоралайман. Бундай зўравонликларга жамиятимизда ўрин йўқ. Ушбу суиқасд энг қимматли умумий қадриятимиз бўлган демократияга путур етказади. Мен Бош вазир Фицо ва унинг оиласига ҳамдардлик билдираман", дейди Еврокомиссия раҳбари.
Йенс Столтенберг, НАТО Бош котиби:
"Бош вазир Роберт Фицо отиб ташланганидан ҳамон шокдаман. Тезроқ тузалиб кетиши учун унга куч тилайман. Мен Роберт Фицо, унинг яқинлари ва Словакия халқига ҳамдардлик билдираман", деган Столтенберг.
Олаф Шольц, Германия федерал канцлери:
"Словакия Бош вазири Фицога қўрқоқларча ҳужум қилингани ҳақидаги хабар мени қаттиқ ҳайратда қолдирди. Европа сиёсатида зўравонлик бўлмаслиги керак. Шу соатларда мен Роберт Фицо учун қайғудаман", дейди канцлер.
Виктор Орбан, Венгрия Бош вазири:
"Дўстим, Бош вазир Роберт Фицога қилинган жирканч ҳужумдан қаттиқ ранжидим. Унинг соғлиғи ва тезроқ тузалиб кетиши учун ибодат қиламиз! Худо уни ва юртини асрасин!" деган Орбан.
Беларусь Ташқи ишлар вазирлиги:
"Биз Словакия Бош вазири Роберт Фицога қилинган суиқасдни кескин қоралаймиз. Сиёсатчилар, амалдорларга қарши ҳужум ва зўравонлик ҳаракатларига – уларнинг мақсадлари қандай бўлишидан қатъи назар 21-асрда ўрин йўқ", дейилади баёнотда.
Владимир Путин, Россия Президенти:
"Ҳурматли Президент хоним, Словакия Республикаси Бош вазири Роберт Фицонинг ҳаётига суиқасд уюштирилгани мени ғазаблантирди. Бу даҳшатли жиноятни оқлаб бўлмайди. Мен Роберт Фицони жасур ва иродали инсон сифатида биламан. Умид қиламанки, бу фазилатлар унга ушбу қийин вазиятда омон қолишига ёрдам беради. Илтимос, унга энг самимий сўзларимизни етказинг! Биз ҳам унинг тезроқ соғайиб, оёққа туришига тилакдошмиз", деган Россия раҳбари.
Маълумот учун, Роберт Фицо 2023 йил октябрида парламент сайловларида унинг "Курс – социал демократия" партияси ғолиб чиққач, ҳукумат раҳбарлигига келганди. Сайловолди кампанияси чоғида Роберт Фицо Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатилишига қарши эканини айтганди.