Суиқасддан сўнг ишга чиққан Фицо Киевга телефон қилди
Олам
−
10 Июль
5884Словакия Бош вазири Роберт Фицо ўзига нисбатан уюштирилган суиқасддан сўнг илк бор ҳукумат йиғилишида иштирок этди. Бу ҳақда мамлакат Вазирлар Маҳкамаси хабар берди.
Суиқасддан деярли икки ой ўтиб ҳукуматнинг 42-йиғилиши учун Братислава шаҳрига келган Фицо қўлтиқ таёқ билан мажлисда қатнашган.
“Прогрессив ва либерал оммавий ахборот воситалари ҳамда мухолифатга мурожаат қилмоқчиман. Омон қолганим учун афсусдаман, лекин мен қайтиб келдим”, дея кинояли пост қолдирган Фицо ўзининг Facebook'даги саҳифасида.
TASR агентлигининг ёзишича, Фицо Украина Бош вазири Денис Шмигаль билан ҳам телефон орқали гаплашиб, Россиянинг яқинда Киевдаги болалар шифохонасига ҳужумидан сўнг Украинадаги саратон касаллигига чалинган болаларни Словакияга олиб келиш ва даволашни таклиф қилган.
Маълумот учун, жорий йилнинг 15 май куни Словакия Вазирлар Маҳкамаси йиғилишидан сўнг Бош вазир Роберт Фицо ташқарида йиғилганлар олдига чиққанида, унга қарата ўқ узилганди. Оқибатда Бош вазир ерга йиқилиб, унинг кўкрак соҳаси ва қорин қисмига жароҳат етказилганди. Шундан сўнг, Фицо зудлик билан шифохонага ётқизилди.
Мамлакат Ички ишлар вазирлиги раҳбари Матуш Шутай-Эшток эса Фицога суиқасд уюштирмоқчи бўлган Юрай Цинтула ҳеч қандай радикал гуруҳга аъзо бўлмагани, аммо ҳукуматга қарши намойишларда қатнашганини билдирди. Цинтуланинг ўзи ҳужумни бир неча кундан бери режалаштирганини тан олганди. Мамлакат Бош прокурори Марос Зилинкан Бош вазирга қилинган суиқасдни террорчилик ҳужуми сифатида баҳолади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Словакия Бош вазири суиқасддан кейин биринчи марта кўриниш бергани хабар қилинганди.