Столтенберг Норвегия Молия вазири этиб тайинланди
Олам
−
04 Февраль 4019 2 дақиқа
НАТОнинг собиқ бош котиби Йенс Столтенберг Норвегия Молия вазири лавозимини эгаллади. Унинг номи Норвегия Бош вазири Йонас Гар Стёре томонидан эълон қилинган янги ҳукумат таркибида қайд этилган. Бу ҳақда NRK хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, Норвегия ҳукуматидаги ўзгаришлар жорий йил январь ойи охирида Марказий партиянинг Меҳнат партияси билан келишмовчиликлар туфайли коалициядан чиқишини эълон қилганидан кейин бошланган. Бунгача Марказий партия етакчиси Трюгве Ведум Молия вазири лавозимида эди. Энди эса унинг ўрнини Йенс Столтенберг эгаллайди. Шу тариқа Норвегия ҳукумати фақат Меҳнат партияси вакилларидан иборат бўлди ва бу сўнгги 25 йил ичида биринчи марта содир бўлмоқда.
Келишмовчиликлар туфайли парламентни 20 вазирдан 8 нафари тарк этган. Столтенбергдан ташқари ҳукумат таркибига қуйидаги шахслар кирди: Нильс Кристен Сандтреэн – Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат вазири, Кьерсти Стенсенг – Ўз-ўзини бошқариш ва модернизация вазири, Лене Вогслид – Болалар ва оила ишлари вазири, Торе Сандвик – Мудофаа вазири, Сигрун Аасланд – Фан ва олий таълим вазири, Осмунд Аукруст – Халқаро ривожланиш вазири ва Астри Аас-Хенсен Адлия ва фавқулодда вазиятлар вазири. Уларнинг барчаси Меҳнат партияси аъзолари ҳисобланади.
Маълумот учун, Столтенберг иккинчи марта Молия вазири бўлди. У илк бор 1996 йилда – Норвегия Бош вазири Тубьёрн Ягланд бўлганида бу лавозимни эгаллаган.
Эслатиб ўтамиз, Йенс Столтенберг НАТО Бош котиби лавозимини 2024 йил октябрь ойида тарк этган эди. У ушбу лавозимда 10 йил ишлаган. Кейинроқ унинг ғарбнинг махфий ташкилоти “Бильдерберг клуби”га раҳбарлик қилиши айтилганди.
Live
Барчаси