Столтенберг Эрдўғанга Швециянинг НАТОга киришга тайёр эканини айтди

Олам

image

Кеча, 4 июнь куни Истанбулда Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ва НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг ўртасидаги музокаралар бўлиб ўтди. Бу ҳақда Туркия раҳбари офиси маълум қилди.

Айтилишича, Эрдўған ва Столтенберг орасидаги мулоқот бир ярим соатга яқин давом этган. Музокараларнинг асосий мавзуси Швециянинг НАТОга аъзо бўлиш жараёни бўлган. 

Столтенберг эса Истанбулда ўтказган матбуот анжуманида Швеция уч томонлама меморандум доирасида Туркиянинг талабларини бажаргани ва НАТОга кириш ҳуқуқига эга эканини айтган.

“Швеция ўз мажбуриятларини бажарди. Аниқ қадамлар қўйилди, қонунлар ўзгартирилди. Швециядаги намойишлар қийинчиликлар туғдирганини тан оламан. Йиғилиш эркинлиги ва сўз эркинлигини ҳимоя қилиш ва ҳурмат қилиш керак. Лекин бу намойишлар ташкилотчилари Швециянинг НАТОга аъзо бўлишига йўл қўймасликка ҳаракат қилмоқда”, дея таъкидлаган НАТО Бош котиби. 

Шунингдек, Столтенберг Эрдўған билан учрашувда Швеция билан доимий қўшма механизмнинг навбатдаги йиғилиши 12 июнь куни бўлиб ўтишига келишиб олганини билдирган. Шу билан бирга, у НАТОнинг Вильнюсдаги саммити олдидан Туркияда Швеция аризасини ратификация қилиш учун ҳали вақт борлигини таъкидлаган.

Маълумки, Туркия Швециянинг НАТОга киришига тўсқинлик қилиб келади. Анқара Стокгольмдан мамлакатда сиёсий бошпана олган терроризмда айбланувчи курд фаолларини экстрадиция қилишни талаб қилади. Стокгольм эса Швециянинг НАТОга қабул қилинишини маъқуллаш учун Анқаранинг барча шартларини бажарганини ва аниқ шахсларни Туркияга экстрадиция қилиш масаласи фақат Швеция суди томонидан ҳал қилиниши кераклигини айтмоқда.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ АҚШ Президенти Жо Байден ҳам Эрдўғанга телефон қилиб, Туркиянинг Швецияни НАТОга аъзо бўлишига қўйган чекловидан воз кечишини исташини билдирганди.


Мақола муаллифи

Теглар

НАТО Туркия Швеция Эрдўған Столтенберг

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг