Байден Эрдўған билан қандай “савдолашгани”ни айтди
Олам
−
30 Май 2023
9859АҚШ Президенти Жо Байден кеча, 29 май куни туркиялик мавқедоши Ражаб Тойиб Эрдўған билан телефонда гаплашгани ва мулоқот чоғида нималарни муҳокама қилганини очиқлади.
АҚШ етакчисининг айтишича, Эрдўған Туркиянинг АҚШдан F-16 қирувчи самолётларини сотиб олиш истагини такрорлаган, Байден эса Анқара Швециянинг НАТОга қўшилишига эътирозидан воз кечишини хоҳлашини айтган.
Эрдўғандан Швециянинг НАТО аъзолиги бўйича бирон бир ҳаракат кутилмоқдами деган саволга Байден суҳбатда бу масала кўтарилганини, келаси ҳафта Туркия раҳбари билан бу ҳақда кўпроқ гаплашишини билдирган.
Айтиш жоизки, Туркия АҚШдан 20 миллиард долларлик F-16 самолётлари ва 80 га яқин модернизация тўпламини сотиб олишга ҳаракат қилмоқда. Бироқ Байден маъмурияти савдони қўллаб-қувватлашини қайта-қайта таъкидлаган бўлсада, АҚШ Конгресси Анқаранинг НАТО кенгайишига яшил чироқ қўйишдан бош тортгани, унинг инсон ҳуқуқлари ва Сурия сиёсатига эътирозлари туфайли савдони тўхтаб қўйган.
Туркиянинг ҳозирги F-16 қирувчи самолётлари парки учун авионика дастурий таъминотини янгилаш билан бирга анча кичикроқ 259 миллион долларлик пакет шу йил бошида, Туркия Финляндиянинг НАТОга аъзолигини ратификация қилганидан бир неча кун ўтиб АҚШ Конгресси томонидан рухсат этилган.
Муҳокамалардан хабардор манбанинг айтишича, агар Анқара Швецияга яшил чироқ ёқмаса, Конгресс F-16 битимини маъқуллаш қийин бўлишини айтган.
Расмий Анқара томонидан Байден ва Эрдўған ўртасидаги қўнғироқ юзасидан тарқатилган баёнотида эса икки етакчи минтақавий ва глобал муаммолар олдида аҳамияти ортиб бораётган икки томонлама алоқаларининг барча жабҳаларида ҳамкорликни чуқурлаштиришга келишиб олганликларини билдирилган.
Маълумот учун, Швеция ва Финляндия ўтган йили Россиянинг Украинага бостириб кириши ортидан узоқ йиллик ҳарбий қўшилмаслик сиёсатидан воз кечиб, НАТОга аъзо бўлиш учун ариза берган. Аъзолик учун таклифлар НАТО аъзоларининг барчаси томонидан маъқулланиши керак. Туркия ва Венгрия Швециянинг таклифини ҳали маъқуллагани йўқ.
Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг март ойи охирида Туркия Финляндиянинг НАТОга киришини ратификация қилганди. Бироқ Анқара Стокголмда террорчи деб ҳисоблаган жангари гуруҳлар аъзолари жойлашганини айтиб, Швецияга эътироз билдиришда давом этмоқда. Венгрия ҳам Швециянинг таклифини ҳали маъқулламаган. Июль ойи ўрталарида Литвада альянс етакчилари саммитини ўтказилади. Унда Швециянинг НАТОга қўшилиши Вашингтон учун устувор вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь