Туркия Финляндиянинг НАТОга аъзо бўлиш таклифини маъқуллади
Олам
−
31 Март 2023
3062Туркия парламенти Бош ассамблеяси Финляндиянинг Шимолий Атлантика альянсига қўшилиши ҳақидаги протоколни ратификация қилди. Туркия Финляндиянинг НАТОга қабул қилинишини маъқуллаган охирги давлат бўлди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
“Финляндиянинг НАТОга кириши ҳақидаги протоколни ратификация қилиш учун – 276 овоз, таклиф қабул қилинди. Финляндия ва унинг фуқароларини табриклайман”, деди парламент вице-спикери Ҳайдар Акар.
Финляндия парламенти 1 март куни мамлакатнинг альянсга киришини маъқуллаган, Швеция парламенти 22 март куни шундай қарор қабул қилган. 27 март куни Венгрия парламенти Финляндиянинг НАТОга киришини ратификация қилган.
Америка Қўшма Штатлари ва НАТОнинг бошқа давлатлари жорий йилнинг 11 июлида Литва пойтахти Вильнюсда бўлиб ўтадиган НАТО саммитида икки шимолий мамлакатнинг альянсга аъзо бўлишига умид қилмоқда. Бироқ Швеция томонининг аризалари ҳозирча на Венгрия, на Туркия томонидан тасдиқланмаган.
Тартибга кўра, ратификация жараёнини тугатгандан сўнг, Туркия ҳам, Венгрия ҳам ўзларининг тасдиқловчи ҳужжатларини альянс таъсис шартномаси бўйича НАТОнинг депозитарийси бўлган Вашингтондаги АҚШ ҳукуматига юборишлари керак. Шундан сўнг Столтенберг Финляндияни НАТОга аъзо бўлишга расман таклиф қилади.
Финляндия ҳукуматига кўра, якуний қадам сифатида Финляндия ўзининг ташқи ишлар вазири томонидан имзоланган “Қўшилиш тўғрисидаги ҳужжат”ни АҚШ ҳукуматига топширади. Финляндиянинг қўшилиш тўғрисидаги ҳужжати АҚШ Давлат департаментига етиб боргач, Скандинавия мамлакати расман НАТО аъзосига айланади.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ швед сиёсатчиларининг Венгрия ички ишларига аралашувидан хавотир ва бу альянсда икки давлат ўртасида келажакдаги ҳамкорликни мураккаблаштириши важи билан Венгрия парламенти Швециянинг НАТОга киришини маъқулламаганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь