Статистикада берилган ўлганлар сони билан реал ҳаётдаги ўлганлар сонида тафовут бор – Оқилов иқрори
Жамият
−
03 Август 2020
21328Шу вақтгача бошни тик кўтариб, статистика шаффоф эканини айтиб келаётган Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирус қурбонлари сони аниқ эмаслигини тан олди. Бугун, 3 август куни Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Ҳабибулла Оқилов матбуот анжуманида шу ҳақда айтиб ўтди.
Ҳабибулла Оқиловнинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда расман эълон қилинаётган коронавирус қурбонлари ва ҳақиқатда COVID-19 касаллигидан ўлаётган беморлар орасида тафовут бор.
“Статистикада берилган ўлганлар сони билан реал ҳаётдаги ўлганлар сонида тафовут бор. Масалан, бемор келганда қўлида таҳлили бўлмайди. Уни қилишга улгурмаган ҳам, ҳаракат ҳам қилмаган”, деди Оқилов.
Статистикада хатолик борлигига иқрор бўлган профессорнинг кейинги гапи табни хира қилди. Одамлар коронавирусга тест топширишга ҳаракат қилмаган дейиш мутлақо нотўғри. Айбни одамларга ағдариш эмас, эгилган бошни қилич кесмас деб, тизимдаги камчиликни тан олиш тўғри бўларди. Одамлар кунлаб тест топширолмай, топширганлар ҳам натижасини кута-кута касаллик аломатлари ўтиб кетган ва вафот этганлар қанча бўлди.
Оқиловнинг таъкидлашича, ҳозир аломатлар кўринган барчага коронавирусга қарши даво чоралари кўриляпти. Аввал бундай бўлмаган, тегишли шифохоналар қабул қилмаган. Мутахассис шундай дейди:
“Олдин бундай беморларни COVID-19 стационарларига қабул қилмас эдик. Оддий стацонарда даволар эдик. Ҳозир уй шароитида ҳам, стационар шароитда ҳам таҳлил натижасини кутмасдан давони COVID-19 касаллигидек олиб бориш ҳақида буйруғимиз бор”.
Тиббиёт фанлари докторининг айтишича, коронавирус аниқлангани ҳақида таҳлил натижаси бўлса, у COVID-19 дан ўлган деб ҳисобланар экан. Акс ҳолда пневмония деб.
“Минг афсус, уйида даволанишга ҳаракат қилиб, оғир аҳволда олиб келинган беморлар бир кун ётиб, икки кун ётиб ўладиган бўлса, ўша вақт ичида таҳлили бўлмаган бўлса, клиникада таҳлил олиниб, тасдиқланмаган бўлса, статистикага улар коронавирус бўлиб тушмайди. Шунинг учун статистикада тафовут бўлиши мумкин. Улар пневмониядан ўлган деб ҳисобланади”, деди Оқилов.
Уйида даволанишга ҳаракат қилмаган, шифохонага ётолмай, коронавирусга тест топширолмай, ўз имконияти билан соғайишга ҳаракат қилган десак, ўринли бўлади.
Расмийнинг ўзи айтиб турибди, қандайдир буйруқ чиқмагунча, шифохоналар қабул қилмаган. Ҳўш, бундай вазиятда одамлар ўзи билганича, ундан-бундан эшитганича, уйида даволанмай, ўлиб кетавериши керакмиди? Бундан икки ҳафта олдин коронавирусга тест топширишда катта муаммолар келтириб чиқарганда, “ҳа, тизимда хатолик бўлди”, деб ўтирган эдингиз. Орадан 15 кун ўтиб, одамлар ўзбошимчага чиқдими?
Яна бир нарса, агарда пневмония авж олиб, ўлим кўпайган бўлса, унинг ҳам алоҳида статистикасини юритиш ёки коронавирусга қўшиш вақти келмадими? Ҳурматли расмийлар қўлингиздаги қарталарни очиб, шаффоф маълумотлар бериш вақти аллақачон келиб, ўтиб ҳам кетди.
LiveБарчаси