ССВ аттракциондан йиқилган фуқароларнинг ҳолати ҳақида маълумот берди
3-саҳифа
−
15 Июнь 2023
13674Тошкент шаҳридаги “Анҳор – Локомотив” истироҳат боғида икки фуқаро аттракционда учиш чоғида йиқилиб тушгани ҳақида хабар берган эдик. Соғлиқни сақлаш вазирлиги уларнинг ҳолати ҳақида маълумот берди.
Қайд этилишича, бахтсиз ҳодисадан сўнг "Тез ёрдам" бригадаси воқеа жойига етиб келгунга қадар Миллий гвардия ходимлари жабрланганларга биринчи тиббий ёрдамни кўрсатган.Тез ёрдам етиб келгач, улар Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб кетилган.
Беморлардан бири, 7-8 метр баландликдан тушиб кетиш оқибатида жароҳатланган 24 ёшли B.E.га “кататравма, қўшма шикастланишлар, бош мия ёпиқ жароҳати, ўрта даражадаги мия шикастланиши, бош мия пешона қисми контузион ўчоқ, чап елка суяги катта бўртмачасининг ёпиқ синиши, чап тос суяги бошчасининг ёпиқ чиқиши, чап елка бўғими дисторсияси, чап юқори қовоқ, чап қўлтиқ соҳаси, чап периорбитал соҳаси юмшоқ тўқималари,чап елка соҳаси, чап кўкрак соҳаси юмшоқ тўқималар шикастланиши, тери ости қон қуйилиши” ташхиси қўйилиб, тегишли даво муолажалари тайинланган.
Яна бир жабрланувчи, 30 ёшли T.M.га эса “кататравма, умуртқа ёпиқ шикастланиши, дурал қопчаси эзилмаган, орқа мия функцияси бузилмаган ҳолда умуртқа поғонаси суяклари VL1-VL2 таначаларининг I даражали компрессион синиши, умуртқанинг бел қисми дисторсияси, бел соҳаси юмшоқ тўқималарининг шикастланиши” ташхиси қўйилган.
“Беморлар айни пайтда нейрохирургия бўлимига ётқизилган бўлиб, аҳволи ўрта оғир даражада. Нафас олиш ва гемодинамик кўрсаткичлари барқарор. Улар шифохонада белгиланган даво стандартлари асосида даволанмоқда”, дейилади ССВ хабарида.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғона вилояти Риштон туманида вояга етмаган қиз аттрациондан йиқилиб, тан жароҳати олган эди.
LiveБарчаси