Спорт журналистикасидаги камчилик ва муаммолар муҳокама қилинди

Спорт

image

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси (МОҚ) Бош котиби Ойбек Қосимов ОАВ вакиллари билан ҳамкорликни кучайтириб, йирик комплекс мусобақаларни ёритишда катта таркибда иштирок этиш кераклигини таъкидлади.

 

Қосимов бу ҳақда бугун, 30 ноябрь куни МОҚ мажлислар залида ўтказилган “Халқаро мусобақаларга тайёргарликнинг ОАВда ёритилиши: бугунги кун ҳолати ва истиқболлари” мавзусидаги йиғилишда айтиб ўтди.

Учрашув давомида Ойбек Қосимов мавзу юзасидан ўз фикрларини билдириб, унинг аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтди.

“Спорт журналистларини бир платформада йиғиб, мана шундай тадбир ўтказилиши жуда муҳим воқелик ҳисобланади. Бу олдимизда турган муаммо ва камчиликларни аниқлаш, уларга биргаликда ечим топишда биз учун фойдалидир. ОАВ ходимларининг йирик спорт мусобақаларини делегациямиз билан бирга ёритиб бориши жуда муҳим. Рио-2016 Олимпия ўйинларида делегациямиз таркибида 4 нафар журналист иштирок этган бўлса, Токио-2020 Олимпиадасида 10 нафар ОАВ вакиллари билан ишладик”, дейди Бош котиб. 

Ўзбекистон журналистлар уюшмаси раиси Олим Ўсаров эса спорт мусобақаларини ёритиб бораётган журналистлар фаолиятини юқори баҳолади:

“Ҳолбуки, буни 5-6 йил аввал тасаввур қилиш қийин эди. “Жаҳон” ахборот агентлигининг аҳён-аҳён хабарлари бериларди, бугунги кунда “Дунё” номини  олган бу агентлик ҳам ўз фаолиятини жонлантирган. Токиода  бўлиб ўтган Ёзги олимпиададан ҳам спортчиларимиз ютуқлари ҳақидаги муждаларини биринчи манба – ўзимизнинг журналистларимиздан олдик”.

Шунингдек, учрашувда спикер сифатида, Ёзувчилар уюшмаси қошидаги Ўзбекистон спорт журналистлари кенгаши раҳбари Мирзаҳаким Тўхтамирзаев, МОҚ раиси матбуот котиби, ахборот-сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Зафар Имомхўжаев, “Спорт” телеканали директори Зоҳид Каримов, шунингдек, спорт федерациялари матбуот котиблари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.


Мақола муаллифи

Теглар

Мирзаҳаким Тўхтамирзаев

Баҳолаганлар

9

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг