Файзуллаевнинг кейинги бекати қаер? Спорт дайжести

Спорт

Кутилганидек, бугунги дайжестда Англияда тўп тепаётган ягона ўзбекистонлик футболчи, Европанинг топ клублари нишонида бўлиб турган Россиядаги ўзбек вундеркинди ва ўз гаражини “Гелик” билан тўлдирган Эронда тўп тепувчи миллий терма жамоа етакчиси ҳақида сўз юритамиз. 

Тошкентдан Манчестерга қайтган Ҳусановнинг “Сити”даги ўйини қандай ўтди?

30 март куни Англия кубоги чорак финали доирасида “Манчестер Сити” сафарда “Борнмут” билан баҳс олиб борди. 2026 йилги Жаҳон чемпионати саралаши доирасида Ўзбекистон терма жамоасида қийин ўйинларда қатнашиб, айниқса 20 март куни Тошкентда ўтган Қирғизистон билан ўйин олди ва ўйиндан кейин ижтимоий тармоқларда жуда кўп кўриниш бериб, муҳокамалар марказида бўлган, Эрон билан ўйиндан кейин Теҳрон-Вена-Манчестер йўналишида Англияга қайтган Ҳусановнинг “шаҳарликлар” сафидаги “Борнмут”га қарши ўйини кўнгилдагидек ўтди.

Ўйиннинг 1-таймида Ҳусанов ва жамоадошларининг омади келмади. Эрлинг Холанд 14-дақиқада “Борнмут” дарвозасига белгиланган пенальтини голга айлантира олмади ва бундан руҳланган мезбонлар 21-дақиқада Эдерсон дарвозасини ишғол қилди. 

37-дақиқада ҳакам томонидан Абдуқодир Ҳусанов қоидабузарлик амалга оширди, деб топилди ва сариқ карточка билан огоҳлантирилди. Сариқ карточка эффектида Ҳусанов 2-тайм бошида захирага олинди ва унинг ўрнига майдонга тушган 20 ёшли Нико О’Райли ўйин тизгинини меҳмонлар фойдасига ўзгартириб юборди. Айнан О’Райлининг 2 та узатмаси эвазига “Сити” ҳужумчилари Эрлинг Холанд ва Омар Мармуш мезбонлар дарвозасини ишғол қилди. Якунда “Сити” 1 та тўп фарқи билан ғалаба қозониб, мусобақанинг ярим финалига олди.

Доимгидек ўйиндан кейин машҳур порталлардан, “SofaScore” учрашувда қатнашган футболчиларнинг хатти-ҳаракатлари ва улар билан боғлиқ эпизодларга таяниб, футболчиларга қўйилган балларни эълон қилди.

Эътиборлиси, учрашувда бир тайм ўйнаган ва сариқ карточка билан огоҳлантирилган Ҳусанов баҳсда “Сити” сафида энг паст кўрсаткич қайд этган ҳимоячи бўлди, 21 ёшли Ҳусановнинг кўрсатган ўйини 6,5 баллга лойиқ кўрилди.

Ушбу ўйинда энг юқори баллни иккинчи таймда айнан Абдуқодир Ҳусановнинг ўрнига майдонга тушган ҳамда икки голга ассист амалга оширган Нико О’райли олди ва у 7.9 баллга лойиқ кўрилиб, учрашувнинг энг яхши футболчиси бўлди. Баҳсда энг паст баҳони “Борнмут” вингери Семеньо олди ва у 5.2 баллга лойиқ кўрилди.

“Арсенал” клуби ва Англия терма жамоаси собиқ футболчиси Иан Райт “Манчестер Сити” ҳимоячиси, ўзбекистонлик футболчи Абдуқодир Ҳусанов “шаҳарликлар” учун истиқболли футболчи эканлигини айтди. Бу ҳақда у “Борнмут”-“Манчестер Сити” ўртасидаги ўйин олдидан ташкил этилган студияда сўз очган.

“Абдуқодир Хусанов “Манчестер Сити” учун жуда истиқболли футболчи”, дейди Райт.

Маълумот ўрнида, 21 ёшли ўзбекистонлик футболчи “шаҳарликлар” таркибида 9 та ўйинда майдонга тушиб, 1 та гол уришга муваффақ бўлди. 

Англия чемпионати 30-туридан ўрин олган “Манчестер Сити” - “Лестер” жамоалари ўртасидаги учрашув қайдномасида ўзбекистонлик ҳимоячи Абдуқодир Ҳусанов номи келтирилмади.

Маълум бўлишича, Ҳусановда жароҳат йўқ ва “шаҳарликлар” устози Пеп Гвардиола шунчаки ўзбекистонлик 21 ёшли футболчига дам беришга ва уни кейинги турда бўладиган “Манчестер Юнайтед” билан ўйинга асрашга қарор қилган.

“Манчестер Юнайтед” - “Манчестер Сити” ўйини 6 апрель куни ўтказилади. Мазкур дерби Англия чемпионати 31-туридан ўрин олган бўлиб, баҳсга афсонавий “Олд Траффорд” стадиони мезбонлик қилади. Баҳс Тошкент вақти билан 20:30 да старт олади.

Грандлар нишонидаги Файзуллаев

Москванинг ЦСКА клуби ва Ўзбекистон миллий терма жамоаси вингери Аббосбек Файзуллаев топ-5 лигалари жамоалари эътиборига тушди.

21 ёшли футболчига Европанинг бир нечта клублари қизиқиш билдирмоқда. Аммо ҳозирча ушбу жамоаларнинг номи ошкор қилинмаган. Аввалроқ, Файзуллаев Германиянинг “Бавария” клубига ўтиши ҳақидаги миш-мишлар тарқалган эди.

Туркиянинг номдор клубларидан бири “Галатасарой” клуби ҳам Файзуллаев хизматларига бефарқ эмаслиги маълум.

Аббосбек Файзуллаевга Португалия клуби қизиқиш билдирган. Таниқли футбол агенти Герман Ткаченко маълум қилишича, Файзуллаев томони Лиссабоннинг Бенфика клуби билан музокара қилишга ҳам улгурган.

“Футболчи томони “Бенфика” билан музокаралар олиб бораётганди. Бироқ Лиссабон жамоаси бу трансферни сиёсий сабабларга кўра рад этди. Улар Россия билан бизнес юритмаслик яхшироқ, деган позицияда. Биз Файзуллаевни “Бенфика”га ўтишини муҳокама қилдик. Лекин биринчи босқичдаёқ клуб россияликлар билан ўзаро муносабатлар борасида рад жавобини берди. “Биз Россия билан иш қилмаймиз” деган тезис пайдо бўлди”, дейди Ткаченко.

Қайд этиш жоиз, Файзуллаевдан олдин ўзбекистонлик яна бир футболчи Ҳусайн Норчаевга ҳам Португалиянинг таниқли клубларидан бири “Брага” қизиқиш билдирганди, аммо виза билан боғлиқ муаммолар сабаб трансфер амалга ошмай қолди.

Москванинг ЦСКА клуби ярим ҳимоячиси, “Барселона”нинг собиқ футболчиси Миралем Пьянич “армиячилар”нинг ўзбекистонлик ярим ҳимоячиси Аббосбек Файзуллаев “Барселона” футболчиси бўлиш орзусини қандай амалга ошириши мумкинлиги ҳақидаги саволга жавоб берди.

“Аббос ажойиб футбол фазилатларига эга. Агар у “Барселона”га боришни истаса, орзусига доим ишониши ва интилиши керак. Бу йўл жуда қийин ва узоқ, лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам орзу йўлида секинлашмаслик лозим. У ҳар куни кўп меҳнат қилиши, машқ бажариши, борини бериб ўйнаши ва ҳар жиҳатдан яхшироқ бўлишга интилиши керак. “Барселона”га ўтишнинг бошқача рецепти йўқ”, дейди босниялик футболчи. 

Жорий мавсумда Файзуллаев ЦСКА сафида Россия Премьер-лигаси ҳамда Кубоги доирасида 28 та ўйинда майдонга тушиб, 3 та гол урди ва 7 та ассист амалга оширди. “Transfermarkt” портали ўзбекистонлик футболчининг қийматини 8 миллион еврога баҳоламоқда.

Доим трендда бўладиган Машарипов

Ортда қолаётган ҳафтада тармоқларда Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Темур Кападзе терма жамоа аъзоси Жалолиддин Машариповни Қирғизистон билан ўйиндаги қизил карточка сабаб билдирган изоҳи учун терма жамоадан четлатишга қарор қилди, деган мазмундаги хабарлар тарқалди.

QALAMPIR.UZ ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида Ўзбекистон терма жамоаси устози Темур Кападзе билан боғланди ва мураббий бундай хабарлар ҳақиқатдан мутлақо йироқ эканини тасдиқлади.

“Тармоқларда ҳазиллашиб, балки 1 апрель ҳазилини уюштиришаётгандир. Бундай хабарлар мутлақо ёлғон. Машарипов билан алоқамиз жуда яхши”, дейди Кападзе.

Ўз навбатида, QALAMPIR.UZ ҳам ўз кузатувчиларидан норасмий саҳифаларнинг тасдиқланмаган хабарларига ишонмасликни сўраб қолади. 

Қайд этиш жоиз, Машрипов Қирғизистон билан ўйиндан кейинги интервьюда рақиб футболчиси қизил карточка олганини ўйин давомида пайқамагани, рақиб жамоада бир киши кам эканини захирага олингач билганини айтганди.

Машарипов мавзусидан узоқлашмаймиз. Ортда қолаётган ҳафтада  Жалолиддин Машарипов Мерседес-Бенз Г-Сласс, яъни “Гелик” автомобилини сотиб олди. 

Машарипов оқ рангли “Гелик” суратини Instagram саҳифасига жойлади. Маълумотларга кўра, ушбу уловнинг нархи тахминан 350 минг доллар туради.

“Гелик” мавзуси ўзбек футболига бегона эмас. Аввалроқ, Ўзбекистон миллий терма жамоасининг яна бир аъзоси Абдуқодир Ҳусановга асли қозоғистонлик бўлган футбол функционери Улуғбек Асанбоев ушбу қимматбаҳо автомобилни совға қилганди.

Ўзбекистон FIFA рейтингида юқорилади

Ўзбекистон миллий терма жамоаси март ойи якунига кўра FIFA рейтингида 57-ўринга чиқиб олди.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси февраль ойидаги рейтингга қараганда бир поғона юқорилаб, 1437.02 очко билан 57-ўринни банд этди.

 FIFA рейтингида 1867.16 очко жамғариб, Аргентина терма жамоаси етакчилик қилмоқда. Февраль ойида 3-ўринни қайд этган Испания бу сафар 1854.64 очко жамғариб, 2-ўринни банд этди. Франция эса бир поғона пастлаб, 3-ўринга жойлашди. Тўртинчи поғонада Англия, бешинчи ўринда эса Бразилия бормоқда.

Осиё жамоалари орасида эса энг юқори натижа Японияга тегишли. Японлар март ойидаги рейтингга кўра, 15-ўринни банд этди. Эрон 18, Жанубий Корея 23, Австралия 26, Қатар 55-ўринда қайд этилган.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси март ойида 2026 йилда бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионати Осиё минтақаси 3-саралаш босқичи доирасида Қирғизистонни мағлуб этди ва Эронга қарши ўйинда дуранг қайд этди.

ЖЧ йўлланмаси учун курашаётган ўзбекистонлик ўсмирлар

3 апрель куни Саудия Арабистонида старт олган 17 ёшгача футболчилар ўртасидаги Осиё кубоги “А” гуруҳи илк турида Ўзбекистон Таиландни 4:1 ҳисобида мағлуб этди. 

Учрашувнинг 2-дақиқасидаёқ Садриддин Ҳасанов ҳисобни очган бўлса, 12-дақиқада Нурбек Сарсенбаев орадаги фарқни 2 тага оширди. Тайм якунида, яъни 40-дақиқада таиландлик футболчи Силвиа Мексес ҳисобни қисқартирди. 80-дақиқада Асилбек Алиев Ўзбекистоннинг 3-голига муаллифлик қилди. 85-дақиқада Абубакир Шукуруллаев якуний нуқтани қўйди, 4:1.

Шу тариқа, Ислом Исмоилов бошчилигидаги Ўзбекистон U-17 терма жамоаси илк турни ғалаба билан бошлади. 

Ўзбекистон U-17 терма жамоаси навбатдаги турни 6 апрель Хитойга қарши ўтказади. Ушбу ўйин Тошкент вақти билан 20:00 да старт олади. Қайд этиш жоиз, Хитой устидан қозонилган ғалаба ўзбекистонлик ўсмирларга шу йил Қатарда ўтадиган Жаҳон чемпионатига йўлланмани тақдим этади.


Мақола муаллифи

Теглар

Қирғизистон Барселона Борнмут Ўзбекистон миллий терма жамоаси ЦСКА FIFA Жалолиддин Машарипов Абдуқодир Ҳусанов Аббосбек Файзуллаев Гелик Манчестер сити

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг