“Совуқ уруш давридагидан ҳам хавфли”. БМТ дунёдаги вазиятдан хавотирда
Олам
−
22 Январь 2022
9844Дунё “Совуқ уруш” давридагидан кўра хаотик ва олдиндан айтиб бўлмайдиган хавфли вазиятда. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котиби Антониу Гутерриш маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, “Совуқ уруш” икки блок ўртасида олиб борилган, ҳар бирининг ўз иттифоқчилари бўлган, блоклараро можароларнинг олдини олишнинг аниқ қоидалари ва механизмлари мавжуд бўлган. Башорат қилиш мумкин бўлгани туфайли “Совуқ уруш” ҳеч қачон блоклар ўртасидаги тўғридан-тўғри тўқнашувга айланмаган.
“Биз ҳозир кўраётган нарсамиз анча тартибсизроқ ва олдиндан айтиб бўлмайдиган нарса, бизда инқирозларни енгиш учун воситалар йўқ. Демак, биз, шубҳасиз, жуда хавфли вазиятдамиз”, деган Гутерриш.
Шунингдек, у дунёда ядро каллаклари сони 13 мингтага етганини, бу мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат эканини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, Гутерриш январь ойи бошида жаҳон ташкилотининг барча мамлакатларини ядровий қуролларни назорат қилиш бўйича мулоқотга чақирганди.
Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартнома 1968 йилда имзоланган. У Буюк Британия, Россия, Хитой, Франция ва АҚШнинг ядровий арсеналларини қонунийлаштириб, ушбу давлатлар учун ядровий кучлар мақомини таъминлади. Ҳужжатни имзолаган бошқа давлатлар оммавий қирғин қуролини яратиш ёки сотиб олиш ҳуқуқидан маҳрум. Ҳозирда 190 дан ортиқ давлат шартномада иштирок этмоқда. Ҳиндистон, Покистон ва Исроил шартномадан ташқарида қолмоқда. 2003 йил январь ойида Корея Халқ Демократик Республикаси шартномадан чиққан.