Сомон йўлининг массаси рекорд аниқликда ўлчанди
Interesting
−
21:00 600 2 minutes
Олимлар Сомон йўли галактикасининг умумий массасини тахминан 1,19 триллион Қуёш массасига тенг деб баҳолади. Янги ҳисоб-китоблар аввалги айрим тадқиқотларда келтирилган натижалардан анча юқори бўлиб, ўлчовлар хатолиги 11 фоизни ташкил этди. Бу ҳақда “Naked Science” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, Сомон йўли юзлаб миллиард юлдузлар, юлдузлараро газ, чанг ва улкан қоронғи материяидан иборат. Қоронғи материя ёруғлик чиқармагани сабабли галактиканинг массасини бевосита ўлчаш имконсиз. Шу боис, олимлар унинг массасини осмон жисмларининг ҳаракатини кузатиш орқали ҳисоблайди.
DESI халқаро илмий ҳамкорлиги тадқиқотчилари галактика марказидан тахминан 33 мингдан 310 минг ёруғлик йилигача узоқликда жойлашган 10 036 та юлдуз маълумотларини таҳлил қилган. Улар DESI спектрографи ёрдамида юлдузларнинг Ерга нисбатан яқинлашиш ва узоқлашиш тезлигини ўлчаган. Ушбу маълумотлар “Gaia” космик телескопи кузатувлари билан бирлаштирилган.
Натижада олимлар Сомон йўли марказидан 261 минг ёруғлик йили масофагача бўлган ҳудуддаги моддалар массасини 636 миллиард Қуёш массасига тенг деб ҳисоблаган. Бу ўлчовлардаги хатолик тахминан 8 фоизни ташкил этган.
Галактика ҳалосининг марказдан қарийб 730 минг ёруғлик йилигача чўзилган чегараси доирасидаги умумий масса эса 1,19 триллион Қуёш массасига баҳоланган. Аввалги тадқиқотларда Сомон йўлининг массаси 500 миллиарддан 2 триллионгача Қуёш массаси оралиғида баҳоланган эди. Янги натижалар галактика массасига доир айрим паст баҳолар билан мос келмайди.
Тадқиқот натижалари “arXiv” илмий мақолалар серверида эълон қилинган. Олимларнинг билдиришича, янги ҳисоб-китоблар Сомон йўли атрофида қоронғи материя қандай тақсимланганини ва галактиканинг шаклланиш тарихини яхшироқ тушунишга ёрдам беради. Бироқ ҳисоб-китобларда Сомон йўлининг йирик йўлдоши – Катта Магеллан Булутининг гравитацион таъсири инобатга олинмаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ астрономлар Сомон йўли галактикаси диски икки босқичда шаклланганини аниқлагани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All