“Соғломман”. Рамзан Қодиров кўриниш берди (видео)
Олам
−
06 Август 10559 2 дақиқа
Россия Федерацияси таркибига кирувчи Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров ҳукумат йиғилишида қатнашиб, ўзининг “соғлом” эканини маълум қилди. У ўзининг Telegram-каналида учрашув акс этган видеоёзувни жойлаштирди.
“Душманларимиз билишлари учун яна такрорлайман: мен соғломман. Менимча, ҳар куни йиғилиш ўтказишга ҳожат йўқ, чунки иш барча соҳаларда йўлга қўйилган ва муваффақиятли кетмоқда”, деди Қодиров.
Учрашув чоғида Чеченистон раҳбари ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлардаги “туҳмат ва дезинформация”ни бостириш бўйича “ишни фаоллаштириш” бўйича кўрсатма берган. Россия Федерацияси Давлат думаси депутати Адам Делимханов уни бундай ишлар Россиянинг бошқа ҳудудларида ҳам олиб борилаётганига ишонтирди.
Қайд этиш жоиз, бу Қодиров Туркиянинг Бодрум шаҳридаги беш юлдузли меҳмонхонада дам олаётганда денгизга чўкиб кетгани хабар қилинганидан кейинги иккинчи марта кўриниш бериши. Бодрумдаги ҳодиса сабаблари аниқланмаган ва Чеченистон расмийлари ҳеч қандай расмий изоҳ бермаган.
Туркиядаги тахмин қилинган воқеадан сўнг биринчи оммавий видеода ҳам Қодиров ўзининг соғлиғи яхши эканини кўрсатган – у велосипедда педаль айлантириб, “танаффусдан кейин машғулотларга қайтаётганини” айтган.
Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари эса эътиборни Чеченистон раҳбари жуда озганига қаратмоқда.
Охирги бир неча йил ичида ОАВ ва ижтимоий тармоқларда Қодировнинг оғир хасталиги ҳақидаги миш-мишлар тинимсиз тарқалди. 2024 йил апрелида “Новая газета Европа” манбаларга таяниб, 2019 йилда Чеченистон раҳбарига ошқозоности бези некрози ташхиси қўйилгани ҳақида ёзган эди.
Live
Барчаси“Самарқанд дарвоза”да Tahoe ёниб кетди
19 Декабрь