Сафоев Ўзбекистоннинг Қорабоғдаги тўқнашувлар бўйича позициясини очиқлади
Жамият
−
20 Сентябрь 2023
8002Ўзбекистон Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлигини тиклаш борасидаги қатъиятини олқишлайди. Бу ҳақда БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида иштирок этиш учун Нью-Йоркда бўлиб турган Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари, собиқ ташқи ишлар вазири Содиқ Сафоев Озарбайжоннинг “Report” ахборот агентлигига берган интервьюсида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, айни дамда Ўзбекистон-Озарбайжон муносабатлари олтин даврни бошидан кечирмоқда.
“Бугун Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги алоқалар балки тарихда мисли кўрилмаган даражададир. Ўтган йили Президент Илҳом Алиев Ўзбекистонга уч марта ташриф буюрган эди. Адашмасам. Бу биринчи марта содир бўлди. Бугун биз сиёсий мулоқотни, щзаро тушунишни, иқтисодий алоқаларни тобора кучайтирмоқдамиз. Ўзбекистон Президентининг Озарбайжонга сўнгги икки ташрифи чоғида Фузулий шаҳрида мактаб очилганидан жуда хурсандман ва у ерда аллақачон биринчи ўқувчилар таълимни бошлади. Мен ҳам давлат раҳбарига "ушбу ташриф доирасида ҳамроҳлик қилдим. Бир томондан Арманистон 30 йил ичида вайрон қилган шаҳарлар, қишлоқлар ва аҳоли пунктларини, иккинчи томондан Озарбайжоннинг қисқа вақт ичида қайта тиклаган Қорабоғини кўрдик. Вилоят жонланаётганидан жуда хурсанд бўлдик”, дейди Содиқ Сафоев.
Сенат раисининг биринчи ўринбосари Ўзбекистон ҳар доим Озарбайжоннинг қонуний курашига нисбатан ўз позициясини аниқ баён қилганини таъкидлаб ўтди.
“Озарбайжоннинг барча соҳаларда, айниқса, ҳудудий яхлитлик ва адолатни тиклаш борасида эришаётган ютуқларидан мамнунмиз. Биз Озарбайжонни адолатли курашида қўллаб-қувватлаймиз ва барча қийинчиликларга қарамай, Озарбайжон ҳукумати ва халқининг ҳудудий яхлитлигини тиклаш ва ҳимоя қилиш борасидаги қатъиятини олқишлаймиз. Ишончим комилки, Озарбайжон яқинда Қорабоғни дунёнинг энг жаннатмакон гўшаларидан бирига айлантиради ва Шуша қучоғини очиб, унинг гўзаллигидан баҳраманд бўлишлари учун бутун дунёдан меҳмонларни кутиб олади”, дейди Сафоев.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 22-23 август кунлари давлат ташрифи билан Озарбайжонда бўлиб, 30 йиллик арман истилосидан озод қилинган Қорабоғ вилоятига борди. Давлат раҳбарлари Фузулийда бўлиб, у ерда Ўзбекистон кўмаги билан қурилган Мирзо Улуғбек номидаги мактабнинг очилиш маросимида иштирок этдилар.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Озарбайжон Мудофаа вазирлиги Қорабоғда “Озарбайжон Республикасининг конституциявий тузумини тиклаш мақсадида” маҳаллий аксилтеррор чоралари бошланганини эълон қилганди. Баку тинч аҳоли ва фуқаролик инфратузилмаси нишон эмаслигини таъкидлаганди. Кейинчалик Озарбайжон Мудофаа вазирлиги хавфли ҳудуддан аҳолини эвакуация қилиш учун гуманитар йўлаклар ва қабул пунктлари яратилганини билдирган. Воқеалар фонида Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Хавфсизлик кенгаши йиғилишини ўтказиб, (тан олинмаган) Тоғли Қорабоғдаги вазиятни муҳокама қилган. Мажлисдан сўнг, Пашинян Арманистон Озарбайжоннинг Қорабоғ ҳудудидаги ҳарбий амалиётларда қатнашишни режалаштирмаётганини маълум қилди. Франция эса БМТ Хавфсизлик кенгашининг Тоғли Қорабоғдаги вазият бўйича фавқулодда йиғилишини талаб қилди. Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида Озарбайжоннинг (тан олинмаган) Тоғли Қорабоғдаги ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини билдирди.
АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ва Арманистон Бош вазири Никол Пашинян билан телефон орқали мулоқот қилиб, томонларни музокаралар столига чақирди. 20 сентябрга келиб Озарбайжон Мудофаа вазирлиги маълум шартлари асосида аксилтеррор ҳаракатлари тўхтатилганини эълон қилди.
LiveБарчаси